Google компанияси зилзилалар ҳақида огоҳлантирувчи умумжаҳон тизим устида ишлаётгани ҳақида хабар беради TheVerge нашри. Илова Android-қурилмалардан йиғилган маълумотлар асосида ишлайди.

Компаниянинг Android бўйича бош муҳандис-дастурчиси Марк Стогатиснинг айтишича, огоҳлантириш тизимини яратиш учун доимий равишда назорат қилиб туриладиган сейсмометрлар керак бўлади.

Видео: «Android» YouTube-канали.

Android-қурилма мини-сейсмометр вазифасини бажаради: Google таъкидлашича, қурилмаларга ўрнатилган акселерометр экран ҳолатини анализ қилиб, сейсмик тебранишларга сезгир ҳисобланади. Қурилма енгил ҳисобланган ҳам биринчи ва кучли бўлган иккинчи тўлқинларни ҳам «сезади».

Алгоритмлар ёрдамида Google бир вақтнинг ўзида минглаб қурилмаларни анализ қилади ва ишонч ҳосил бўлгандан сўнг огоҳлантиришлар юборади. Бундан ташқари тизим зилзила эпицентрини ҳам аниқлашда ёрдам беради. Илова Google мобил хизматларининг бир қисмига айланади, дейилади TheVerge хабарида.

Google янги тизимни босқичма-босқич амалга оширади. Биринчи босқичда АҚШ Геологик хизмати ва Калифорния Фавқулодда хизматлар бошқармаси билан ҳамкорликда ShakeAlert иловаси сейсмологик маълумотлардан фойдаланган ҳолда огоҳлантиришлар юборади.

Смартфонлардан йиғилган маълумотлар асосида ишлайдиган иловани тақдим этиш учун кўпроқ вақт талаб этилиши айтилмоқда.