Тест синовлари ўтказиладиган жойларда давлат томонидан ўқишга ҳужжат топширган барча 1,361 млн абитуриентга барча санитария-гигиена ва бошқа қўшимча шароитлари яратилади. Бу ҳақда Давлат тест маркази директори Мажид Каримов Халқаро пресс клубнинг сессиясида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, тест синовилари Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги стадион ва очиқ майдонларда ташкил этилади. Бунда, Ўзбекистонда 155 дан ортиқ стадион бор бўлса, тест ўтказиш учун 57−60 та майдон талаб қилиниши маълум қилинди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида бир кунда, икки сменада 20 мингга яқин абитуриентни тест синовидан ўтказиш учун 7 та майдон ўрганилди. Қорақалпоғистонда эса 3 та стадионда бир сменада 3000 (бир кунда 6000) абитуриент тест синовида иштирок этиши режалаштирилган.

Республика бўйича бир кунда 100 мингдан ортиқ абитуриентни тест синовида иштирок этиши учун тайёргарлик ишлари олиб борилаётгани айтиб ўтилди.

Шу билан бирга, имтиҳон жараёнига журналистларнинг кириши тўсиқсиз таъминланиши айтиб ўтилди.

Муддатлар ва хавфсизлик

Маълум бўлишича, қабул тест синовлари 2 сентябрдан бошланади ва кунига 2 марта ҳаво салқин пайтда ўтказилиб, 14 кунда якунлаш режалаштирилган. Бунда тест синовлари биринчи смена учун 08:00 да бошланса, 10:00 гача давом этади ва иккинчи смена 17:00 да бошланиб, 19:00 да тугайди.

Абитуриентлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Миллий гвардия билан биргаликда тест синовлари ўтказиладиган ҳудудни тест бошланишига 2 кун қолганда қўриқловга олишни бошлайди. Шу билан бирга, ҳар бир ҳудуд навбатчи тез тиббий ёрдам машинаси билан таъминланади.

Бундан ташқари, тест синовлари ўтказиладиган жойларига киришдан олдин абитуриент дезинфекция йўлагидан ўтказилади. Уларнинг тана ҳарорати ўлчанади. Ҳар бир абитуриент алоҳида антисептик воситалари, янги тиббий қўлқоп ва ниқоб билан таъминланиши маълум қилинди.

Шунингдек, стадионда абитуриентлар ўтирадиган столларининг имкон қадар бир-биридан узоқроқ масофада бўлиши, ҳар бир абитуриентга 6 квадрат мет масофада жой ажратилиб, ижтимоий масофа сақланиши таъминланади.

Қўшимча қулайликлар ва тест синовларидаги шаффофлик

Юқоридаги шароитлардан ташқари, абитуриентлар учун қуйидаги қўшимча қулайликлар яратилиши кўзда тутилган:

  • Ҳар бир столда абитуриентлар учун жавоблар варақасини тўлдириш бўйича кўрсатмалар бўлади;
  • Абитуриентларга тест вақти қачон тугаши ҳақида маълумот бериб борилади;
  • Ҳар бир абитуриентга алоҳида сув ва ручка берилади;
  • Бундан ташқари, абитуриентларга бош кийим (кепка) ҳам таркатиш режалаштирилган.

Шаффофлик масаласида ДТМ директори абитуриентларни киритишда ва шахсини аниқлашда шахсий идентификациялаш васиталари (видеофиксация, бармоқ изи сканери)дан фойдаланишини айтиб ўтди. Жараёнлар видеокузатув остида онлайн трансляция қилинган ҳолда ўтказилиб, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари тест синовларини телевиления ва test2020.uz сайти орқали кузатиб боришлари мумкин бўлади.

Тест саволлари

«Тестлар 4 хил турда — содда саволлар, ўртача осон саволлар, мураккаброқ саволлар ва юқори мураккаблик даражасида белгиланар эди», — деди Давлат тест маркази раҳбари Мажид Каримов.

Эндиликда содда саволлар 12 та, ўртача осон саволлар 12 та, 3-даражали мураккаброқ саволлар сони 6 та бўлиши ва юқори мураккаблик даражасидаги саволлар энди бўлмаслиги таъкидланди.

Барча абитуриентлар тест топшириб бўлгач, бир ҳафтада имтиҳон натижаларини билиб олишлари мумкин бўлади.