Журналист Бобомурод Абдуллаев Бишкекда Ўзбекистон сўровига асосан, 1993 йилдаги «Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида"ги Минск Конвенциясига мувофиқ қўлга олинган. Бу ҳақда 12 август куни Ўзбекистон Бош прокуратураси хабар қилди.

Журналистнинг қўлга олингани тўғрисида 10 август куни 24.kg нашри хабар берган эди. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарига таяниб маълум қилинишича, Бобомурод Абдуллаев 8 августда қўлга олинган.

Ҳозирги кунда унинг Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилиниши масаласи ҳал қилинмоқда, дейилади Бош прокуратура хабарида.

«Газета.uz» журналистнинг Ўзбекистонда нимада айбланаётганини аниқлаштира олмади.
11 август куни Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ, Нью-Йорк) Қирғизистон ҳукуматига Бобомурод Абдуллаевни озод қилиш ва унга ортга қайтиш имкониятини бериш талаби билан мурожаат қилди.

Абдуллаевнинг адвокати Тимур Карабаев журналист Қирғизистонга тўрт ойга Марказий Осиёдаги Америка университетида таҳсил олиш учун келгани ҳамда Covid-19 пандемияси сабабли чегаралар ёпилгани учун мамлакатда қолганини маълум қилди.