Бухоро вилоятида «Москвич» иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси натижасида икки киши ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳодиса 10 август куни тахминан 15:30 да Ғиждувон туманининг «Соҳибаён» маҳалласи ҳудудида содир бўлди. Автомобилнинг олд ғилдираги чиқиб кетиб, ҳайдовчи бошқарувни йўқотади. Автомобиль эса йўлнинг чап томонидан ўтган ариққа қулаган.

ЙТҲ натижасида автомобиль йўловчилари — 50 ёшли А. И. ва 44 ёшли Г. Р. — олган тан жароҳатлари сабабли ҳодиса жойида оламдан ўтган.

Ғиждувон тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан ҳодиса юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.