Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати («темир дафтар») кенгайтирилади. Бу ҳақда «Газета.uz»нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси хабар қилди.

Президентнинг 30 июлдаги фармонида аъзолари 1,7 миллион нафардан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ оилаларга республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланган эди. Умумий тўлов миқдори 380 млрд сўмни ташкил этади.

Қайд этилишича, фармон қабул қилиниши билан сектор раҳбарлари томонидан бир марталик моддий ёрдам пулларини эҳтиёжманд оилаларга етказиш бўйича номма-ном рўйхат шакллантирилди. Кўрилган чоралар натижасида сектор раҳбарларининг тавсияси ва ушбу оилаларнинг ёзма розилиги билан 160 минг атрофидаги оилалар «темир дафтар»дан чиқарилган ва уларнинг ўрнига яна шунча эҳтиёжманд ва моддий кўмакка муҳтож оилалар киритилган.

Қайд этилишича, 150 мингга яқин оила ёрдам кўрсатилганидан кейин рўйхатдан чиқарилган. Ҳукуматдаги ахборот манбаси рўйхатга янги киритиладиган тахминан 150 мингта оила бир марталик моддий ёрдам олишини маълум қилди. Бунинг учун давлат бюджетидан қўшимча равишда 300 млрд сўмдан зиёдроқ маблағ ажратилади.

«Темир дафтар» рўйхатлари маҳалла раислари ва секторлар раҳбарлари томонидан уйма-уй юриш орқали оилаларнинг моддий-маиший шароитларини ўрганиш йўли билан шакллантирилади, эҳтиёжмандлар маълумотлар базасига киритилади.

«Темир дафтар»ни юритишда эҳтиёжманд оилаларнинг 7 тоифаси, жумладан:

  • кам таъминланган;
  • ногиронлиги бўлган;
  • ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар;
  • якка-ёлғиз кексалар;
  • доимий ишсиз фуқаролар;
  • карантин туфайли ишсиз қолган фуқаролар;
  • оғир эпидемиологик ҳудудлардан қайтариб келинган фуқароларни камбағалликдан чиқариш чоралари кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, Қурбон ҳайити байрами арафасида 150 минг оила 1 млн сўмдан моддий ёрдам олди. Бундан ташқари, 234 минг оила «Саховат ва кўмак» жамғармасидан ўртача 564 минг сўмдан олди.