Самарқанд вилоятида 12 августдан айрим соҳаларга нисбатан карантин қоидалари юмшатилмоқда. Бу ҳақда вилояти маъмурияти матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Қайд этишича, пидемияга қарши курашиш фавқулодда комиссияси Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг туман ва шаҳар бўлимлари хулоласи асосида ҳамда сектор раҳбарлари билан келишган ҳолда карантин қоидаларини юмшатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Унга кўра қуйидагиларга рухсат берилмоқда:


1.

Автотранспорт воситаларининг (стикерсиз) ҳаракатланишига (соат 06:00 дан 23:00 га қадар)

2.

Умумий овқатланиш объектлари фаолиятига.

Умумий овқатланиш объектлари фаолиятини ташкил этишга қўйиладиган асосий талаблар этиб қуйидагилар белгиланмоқда.

Банкетлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўймаслик;

фаолиятини 8:00 дан 20:00 га қадар ташкил этиш;

столлар оралиғидаги 2 метрдан кам бўлмаган ижтимоий масофани таъминлаш;

бир стол атрофида 4 кишидан кўп бўлмаган (10 кишидан кўп бўлмаган бир оила аъзолари бундан мустасно) мижозларни жойлаштириш;

ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлиши;

ҳар бир мижоздан кейин стол ва бошқа жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш.

3.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдо дўконлари ва заргарлик дўконлари фаолиятига

4.

Сартарошхона ва гўзаллик салонлари фаолиятига

5.

Меҳмонхоналар фаолиятига (хостеллар ва меҳмон уйлари бундан мустасно)

6.

Очиқ сунъий қопламали спорт ўйингоҳларига (ташриф буюрувчилар сонини чеклаш шарти билан, ечиниш ва ювиниш хоналаридан фойдаланмаган ҳамда оралиқ масофани сақлаган ҳолда)

7.

Спорт секциялари, тўгараклари, спорт заллари ва фитнес клублар фаолияти

8.

Таълим марказлари, тўгараклар (10 кишидан кўп бўлмаган гуруҳ ташкил этиб, вақтини олдиндан келишган ҳолда) фаолиятига

9.

Нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига.


Рухсат берилган фаолият турларининг карантин қоидаларига риоя этиши устидан назоратни давлат Санитария-эпидемиологик назорат бошқармаси амалга оширади. Карантин талабларини бузган муассасалар, тадбиркорлик субъектларига нисбатан қатъий чоралар кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, 4 август куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган йиғилишда ҳар бир вилоят ҳудуддаги эпидемиологик ҳолатдан келиб чиққан ҳолда карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш, айрим соҳаларга рухсат бериш чораларини кўриш тўғрисида топшириқ берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Коронавирусга қарши курашиш бўйича республика махсус комиссияси қарори билан 10 июлдан Ўзбекистонда янги карантин чекловлари жорий этилиб, кейинроқ у 15 августга қадар узайтирилган эди. Шу билан бирга, 3 август куни Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари, 10 августдан Бухоро вилоятида карантинни енгиллатиш бошланди.