Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари Наманган вилоятининг Уйчи ҳамда Норин туманлари орасидаги дарёни кесиб ўтадиган кўприк қуришга киришди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Таъкидланишича, Фарғона ҳалқа йўлининг 93-километрида жойлашган ҳамда ушбу икки туманни вилоят маркази билан боғлаб турувчи «Нориндарё» кўпригида бундан 2−3 ой муқаддам дарз кетиш аломатлари сабаб ёпилган. Мазкур кўприк 1962 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, қарийб 60 йилга яқин вақт давомида халққа хизмат қилиб келган. Бугунги кунда минглаб фуқаролар ишга, ўқишга, бозорга ҳамда ўзларининг бошқа эҳтиёжлари йўлида дарёни қайиқ орқали кесиб ўтишга мажбур бўлаётганди.


Айни вақтда Шарқий ҳарбий округ қўшинлари Муҳандислик қўшинлари хизматининг бир гуруҳ мутахассислари махсус техникалар ёрдамида кўприкни қуриш ишларини амалга оширмоқда. Дарё узра қад кўтараётган кўприк узунлиги 40 метрни, эни эса — 3,8 метрни ташкил этмоқда.


Эслатиб ўтамиз, Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати аввалроқ таъмирлаш ишларини шу йилнинг сентябрь ойида якунлаш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берганди.