Адлия вазирлиги Ўзбекистон қонунчилиги тарихида илк бор аудиобук шаклига эга норматив ҳужжатни тайёрлади. Бу ҳақда «Янги Ўзбекистон» газетаси хабар берди.

Унга кўра, биринчи аудиобук (овозли китоб — тахр.) кўринишидаги норматив ҳужжат адлия вазирининг «Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқномани тасдиқлаш ҳақида"ги буйруғи бўлди.

«Нотариал палата хусусий амалиёт билан шуғулланаётган нотариусларга соҳа бўйича чиқаётган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни матн, аудио ҳамда инфографикалар орқали етказиш, шу орқали нотариусларга ҳар тарафлама қулайликлар яратишни мақсад қилган. Бу ўз-ўзидан нотариусларимизнинг қонун ҳужжатларини мукаммал ўрганишлари ҳамда асосий мақсад — аҳолига қулай ва сифатли хизмат кўрсатишда қўл келади, деб ҳисоблаймиз», — дея таъкидлади Нотариал палата раиси Дилшод Ашуров.

Маълум қилинишича, ушбу аудиобук фаолиятда қўллаш учун республика ҳудудларидаги нотариусларга бепул тарқатилиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, 1 июль куни Ўзбекистон тарихида илк электрон ҳужжат (соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи) қабул қилиниб, Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳақида хабар бергандик.