Президент Шавкат Мирзиёев 10 август куни «Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ушбу ҳужжатда амалиётда сақланиб қолаётган инсон ҳуқуқлари бузиш ҳолатлари, айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан фуқароларга нисбатан ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий механизмлар назарда тутилган.

Бундан ташқари, тергов сифатини халқаро стандартлар асосида тубдан ошириш бўйича амалий чоралар белгиланган. Жумладан:

Ярашув институтини қўллаш механизми такомиллаштирилади. Бунда, шахсга нисбатан тергов даврида эълон қилинган айблов, жиноят иши суднинг қайси инстанциясида кўрилаётганлигидан қатъи назар ярашув институти доирасига тушадиган енгилроқ моддага қайта малакаланган ҳолларда ярашув институтини қўллаш имконияти яратилмоқда.

Ушланган шахснинг ҳуқуқлари поймол бўлишининг олдини олиш мақсадида ушлаб туриш муддатини жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга келтирилган вақтдан бошлаб эмас, балки шахс ҳақиқатда ушланган вақтдан бошлаб ҳисоблаш ҳамда шахс амалда ушланган пайтдан бошлаб, тегишли мансабдор шахс у билан боғлиқ суриштирув ва тергов ҳаракатларини ўтказишдан олдин ҳимоячи билан холи учрашувни таъминлаши шартлиги ҳақидаги қоида назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимлари томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олишни мазкур жиноят иши юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга оширилиши белгиланди (белгиланган тартибда ҳимоячидан воз кечилган ҳоллар бундан мустасно).

Фармонга мувофиқ, ўта оғир жиноят содир этганликда айбланаётган шахсларга оид жиноят иши бўйича, шунингдек қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳолатларида ҳимоячининг иштирок этиши шартлиги белгиланди.

Жиноят ишини судга қадар юритиш босқичида гувоҳ ва жабрланувчини оғир касаллиги ёки узоқ муддатга чет давлатга чиқиб кетиш зарурати туфайли кечроқ сўроқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда, уларнинг кўрсатувларини гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, прокурор ёки адвокатнинг илтимосномасига кўра суд томонидан тарафларнинг иштирокида олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш (депонирование) тартиби ҳам жорий қилинди.

Бундан ташқари, судга қадар иш юритиш даврида шахс ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсадида:

  • агар ушланган айбланувчининг яқин қариндошларини процесс иштирокчиси сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлмаса, уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва сўроқ қилиш;
  • терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан шахсни ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишга ундаш ва бундай ундаш оқибатида содир этилган жиноят учун уни айблаш. Бунда, тезкор-қидирув тадбирлари натижалари фақат улар қонун талабларига асосан олинган ва шахсда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ёки тезкор тадбирда иштирок этган бошқа шахсларнинг ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган ҳолда жиноят содир этиш учун шаклланган қасд мавжуд бўлгандагина суд ҳукмида далил сифатида тан олиниши мумкин;
  • суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган жиноят иши доирасида судланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва бошқа суд процесси иштирокчиларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ёки сўроқ қилиш (улар билан боғлиқ бўлган алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши ёки суднинг ёзма топшириғи мавжуд ҳоллар бундан мустасно).
  • шахсни жиноят ишида айбланувчи сифатида жалб қилиш учун реал асослар мавжуд бўлган ҳолларда уни гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш, шунингдек, процессуал ҳуқуқларини тушунтирмасдан туриб, ундан бирон-бир ёзма ёки оғзаки кўрсатувлар олиш тақиқланмоқда.

Фармон билан айбланувчининг қонун ва халқаро ҳужжатларда акс этган энг асосий ҳуқуқларидан бири бўлган кўрсатувлар беришдан бош тортиш ва кўрсатувларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиш ҳуқуқини амалиётда тўлиқ рўёбга чиқариш имконияти яратилмоқда.

Шу билан бир қаторда, агар суд тергови вақтида судланувчининг унга илгари айблов қўйилмаган жиноятни содир этганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш асосларини аниқлаш ҳақида илтимосномани судга киритиш ҳуқуқини иш бўйича барча тарафларга бериш тартиби ўрнатилди.

Таъкидланишича, айбига иқрорлик бўйича келишув институти ҳам киритилади. Унга кўра, айрим тоифадаги жиноятлар бўйича шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган, шунингдек, келтирилган зарарни бартараф этган тақдирда унга нисбатан қонунда белгиланган энг кўп жазонинг ярмидан кўп бўлмаган миқдори ва (ёки) муддатигача жазо тайинланади.

Эндиликда ушбу тоифадаги жиноят ишлари соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилиб, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигининг олдини олиниши кўзда тутилган.

Ушбу президент фармони билан шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

  • терговга қадар текширув ёки терговда ушланган шахсни ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазони ўтаётган маҳкумни тиббий кўрикдан ўтказиш, шунингдек, вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчини гувоҳлантириш уларнинг ёки адвокатининг илтимосномасига асосан 24 соат ичида вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналари ёки жазони ижро этиш муассасалари тасарруфида бўлмаган тиббий муассасалар ходимлари томонидан амалга оширилиши шарт, бунда харажатлар илтимоснома киритувчи тараф ҳисобидан қопланади;
  • оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилмаслигига оид қоида вояга етмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, аёллар, олтмиш ёшдан ошган эркаклар ва эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланилмайди;
  • вояга етмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари ҳамда пенсия ёшига етган шахсларга нисбатан уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган қасддан содир этилган жиноятларга доир, шунингдек, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, бунинг учун беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга йўл қўйилмайди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тергов фаолияти

Фармон билан Ўзбекистон Бош прокуратураси Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлигига билан биргаликда бир ой муддатда жиноят ишининг терговга тегишлилиги институтини янада такомиллаштириш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш топшириғи берилди.

Бунда, Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган ҳолларда жиноят иши бир суриштирув ёки дастлабки тергов органидан бошқасига ўтказилиши фақат Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан амалга оширилиши мумкинлиги назарда тутилиши керак.

Мазкур фармонга кўра, Тошкент шаҳар прокуратураси тергов бўлинмалари ва Ички ишлар бош бошқармаси тергов бошқармасининг фаолияти халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибага мувофиқ намунавий тарзда ташкил этилади.

Ушбу тергов бўлинмалари замонавий криминалистик ускуналар билан жиҳозланган автотранспорт воситалари, процессуал ҳаракатларни аудио ва видеога қайд этиш тизимлари ҳамда стенография қилиш ускуналари билан таъминланади. Тергов хоналари замонавий тарзда, халқаро стандартларга мослаштирилиб, шахсларнинг ҳимоячи билан холи учрашиши учун мўлжаллаган ҳолда ташкил этилади.

Тергов ҳаракатларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш амалиётини йўлга қўйиш учун жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарини техник воситалар ва ускуналар билан тўлиқ жиҳозлаш чоралари кўрилади.

Шунингдек, фармон билан Бош прокуратура томонидан қуйидаги топшириқларни бажарилиши кўзда тутилган:

  • 2021 йил 1 январдан бошлаб «Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика» ягона ахборот тизими тўлиқ ишга туширилиши;
  • бир ой муддатда Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тергов соҳасида малакали кадрларни тайёрлашга ихтисослашган олий таълим муассасасини ташкил этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
  • икки ой муддатда прокуратура органларининг белгиланган штат бирлиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳар прокуратуралари тизимида прокурор-криминалист лавозимини жорий этиш.