АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг сўнгги маълумотларига кўра, дунё бўйлаб тасдиқланган коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ҳолатлар 20 миллиондан ошди.

Қайд этилишича, умумий COVID-19 билан зарарланганлардан 12,35 млн нафари мазкур инфекциядан тузалган ва 736 минг нафари эса вафот этган.

Энг кўп коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ҳолатлар АҚШда қайд этилган — 5,09 млн нафар беморда. Иккинчи ўринда Бразилия жойлашиб, ҳозирда мамлакатда 3,05 млн дан ортиқ кишида COVID-19 аниқланган. Ҳиндистонда эса 2,26 млн дан ортиқ коронавирус ҳолатлари тасдиқланган.

Қўшни Қозоғистонда коронавирус ҳолатлари сони 100 мингдан ошди. Тожикистонда 7827 нафар, Қирғизистонда 40455 нафар ва Афғонистонда 37 мингдан ортиқ коронавирус беморлари аниқланган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни коронавирус пандемиясини эълон қилганида, дунё бўйлаб ушбу инфекция билан касалланганларнинг умумий сони 118 минга тенг эди. 2 апрель куни эса беморлар сони 1 млн дан ошгани эълон қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган беморлар сони 31545 кишига етгани ҳақида хабар берилганди. Айни пайтда мамлакатда 22992 нафар COVID-19 га чалинган фуқаролар соғайган ва 8351 киши даволанмоқда.