Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарори билан Холмўмин Буврабоевич Ёдгоров Судьялар олий кенгашининг раиси этиб тайинланди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди. Шу муносабат билан у ўзи эгаллаб турган Олий суд раиси ўринбосари лавозимидан озод қилинди.

Холмўмин Ёдгоров 2017 йил май ойида муддатсиз даврга Ўзбекистон Олий cуди раисининг ўринбосари — фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига сайланган эди. Аввалроқ Олий суд судьяси лавозимида фаолият кўрсатган.

Маълумот учун, Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, унинг асоси вазифалари судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлаш, судьяларни тайинлаш, шунингдек раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун тавсия бериш асосида судьялар корпусини шакллантириш ва бошқалардан иборат.