Ўзбекистон Афғонистон Маслаҳат лоя жирғасининг 400 нафар толиб-маҳбусни озод қилиш тўғрисидаги қарорини олқишлайди, дея хабар берилади Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

«Ўзбекистон томони Дохада Афғонистон ҳукумати ва „Толибон“ ҳаракати ўртасида музокара жараёни бошланишини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва афғон заминида узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликка эришиш йўлида томонлар сиёсий ирода, конструктив ёндашув ва муросага тайёр эканликларини намойиш этишларига умид билдиради», — дейилади вазирликнинг баёнотида.

Шу билан бирга, Ўзбекистон тинчлик жараёнини илгари суришда ҳар жиҳатдан ёрдам кўрсатишда давом этишини ва афғон халқига тинч келажак, фаровон давлат қуришда ҳар томонлама кўмаклашишга қатъиян тайёр эканлигини айтиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистон Маслаҳат лоя жирғасининг (қабилаларнинг олий мажлиси — таржима таҳр.) 9 августдаги қарори билан «Толибон» ҳаракатига мансуб деб ҳисобланган 400 нафар маҳбус озод этилади. Бу афғонлараро (Афғонистон ҳукумати билан «Толибон» ҳаракати) музокаларни бошлаш учун ўз ҳиссасини қўшади, дейилади Tolo ахборот агентлиги хабарида.

Шунингдек, «Толибон» расмий вакили Суҳаил Шохиннинг айтишича, маҳбусларни озод қилиш жароёни тугагач, ҳаракат бир ҳафта ичида афғонлараро музокараларни бошлашга тайёр.