Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва хавфсизлигини ошириш, экологик осойишталикни таъминлаш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича 10 август куни йиғилиш ўтказди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтган тадбир бошида давлат раҳбари коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятга тўхталиб ўтди. Хусусан, барча ҳудудларда даволаш ўринлари ва тиббий ускуналар сони бир неча баробар кўпайтирилгани, тез тиббий ёрдам ва даволаш сифати яхшилангани натижасида охирги бир ҳафтада мамлакат бўйича коронавирусдан соғайиш кўрсаткичи ошгани қайд этилди.

Фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи ҳимоясини янада кучайтирган ҳолда, пандемия шароитида яшаш ва ишлашда давом этиш, карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш муҳимлиги таъкидланди.

Аввалроқ президенти Шавкат Мирзиёев: «Биз карантинни қанча узоқ вақт давом эттирсак, одамларни шунчалик қийнаб қўямиз», — деган эди. Давлат раҳбари ўшанда зудлик билан коронавирус билан касалланган барча беморларни қамраб оладиган даволаш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берганди.

7 август куни эса Сенат раиси Танзила Норбоева карантин чоралари босқичма-босқич бекор қилинишини қайд этиб ўтди. «Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги кенг тарғибот ишларини кучайтиришимиз, касалликка чалинганларни ишлаб чиқилган протоколлар асосида даволаш билан бирга нормал ҳаётга қайтаришимиз, яъни иқтисодиётимизни ривожлантиришимиз зарур», — дея таъкидлади у.

Эслатиб ўтамиз, Коронавирусга қарши курашиш бўйича республика махсус комиссияси қарори билан 10 июлдан Ўзбекистонда янги карантин чекловлари жорий этилиб, кейинроқ у 15 августга қадар узайтирилган эди. Шу билан бирга, 3 август куни Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари, 10 августдан Бухоро вилоятида карантинни енгиллатиш бошланди.