Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги Қодирия гидроэлектрстанцияси ҳудудида жомадондан эркак кишининг жасади топилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Бу ҳақдаги хабар туман ички ишлар бўлимига 8 август куни келиб тушган. Эркакнинг чўнтагидан 410 минг сўм пул ҳам топилган.

Маълумотларга кўра, жомадондан Самарқанд вилоятидан бўлган, пойтахтнинг Яккасарой туманида яшаган Ш. А. (1968 йилда туғилган) жасади топилган. ОАВнинг хабар қилишича, марҳум аввал Олий судда хўжалик бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган. «Газета.uz»нинг аниқлашича, Ш. А. ушбу лавозимни 10 йил муқаддам тарк этган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 7 август куни эрталаб марҳум Gentra русумли автомобилида уйидан Тошкентдаги тиббиёт муассасаларидан бирига бориш мақсадида йўлга чиққан. Машина пойтахтнинг Чилонзор тумани ҳудудидан топилган.

Бўстонлиқ туман суд тиббий экспертиза бўлими хулосасига кўра, унинг ўлимига механик асфиксия (бўғилиш) сабаб бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Қибрай туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Жиноятни тергов қилиш учун Тошкент вилоят ИИББ, Тошкент ИИББ ва туман ИИБ ходимларидан иборат тезкор-қидирув гуруҳлари тузилди.