6 август куни бир қатор ўзбекистонлик журналистлар ва блоггерлар ўзларининг Telegram-аккаунтларини бузишга уринишлар бўлганлиги ҳақида хабар беришди. Қаллоблар маҳаллий уяли алоқа операторларининг сохта рақамларидан қўнғироқлар ёрдамида идентификация қилиш учун SMS-кодни қўлга киритишга уринган.

Масалан, журналист ва филолог Элдар Асановнинг сўзларига кўра, йигит унга +998971300909 (Mobi.uz оператори) рақамидан қўнғироқ қилиб, викторина ҳақида маълумот берган. Викторина ғолибларига қўнғироқлар учун дақиқалар, SMS ва интернет учун мегабайтлар ваъда қилиниши ҳақида айтган.

«Қаллоблик экани шу заҳотиёқ ақлимга келганига қарамай, ўйин ўйнашга қарор қилдим, охири нима бўлишини кўрай дедим. Коронавирус ҳақида жуда оддий саволлар бериб, мени ғолиб деб эълон қилишди. Сўнг „телефонингизга код юбордик, шуни бизга айтиб юборинг“, дейишди. Қарасам — Telegram’дан келган код. Яъни узоқдан туриб аккаунтимга киришга уринишяпти. Жуда содда, жўн йўлини танлашибди», — деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида.

Элдор Асанов эҳтиёткорлик чораси сифатида барча аккаунтларидан чиқиб кетган, қаллоблар унинг ҳисобига кириш учун пул ўғирлашини кутган.

«Аммо аккаунтимга кира олмаган қаллоблар қайта-қайта қўнғироқ қилаверишди. Кўтарганимда «бонус тушдими?» деб сўрашди. «Йўқ» деганимдан сўнг «қўнғироқ қиворамиз», дейишди. Бир дақиқадан сўнг ҳисобимга 84 минг сўм тушди. Шундан уларнинг мақсади пул эмаслигини тушундим. Яна қўнғироқ қилиб, бу туширилган пул ёрдамида «бонус»ни қандай активация қилишимни тушунтиришди. Сўнг қайта-қайта қўнғироқ қилавериб, узоқдан туриб Telegram-аккаунтимга қайта-қайта киришга уринавериб, код сўрайверишди. Балки таслим бўлишар деб бироз кутдим, ахийри бўлмади. «Кимсиз, аккаунтим нега керак?» деб сўраганимни биламан, телефон ўчди», — деб ёзди у.

Журналист қайта қўнғироқ қилиб, Mobi.uz компаниясига тушган. У операторга уларнинг рақамлари орқали фирибгарлик қилишга уринганликларини тушунтирди. Унинг сўзларига кўра, оператор ўз рақамларига бошқа жойдан уланишнинг иложи йўқлигини айтган (IP-манзил Нидерландияники эди) ва агар шикоят бўлса ички ишлар ходимларига мурожаат қилишни таклиф қилишган.

ЎзА журналисти Анора Содиқова шунга ўхшаш ҳодиса ҳақида хабар берди (бироқ қўнғироқ Ucell операторидан келган). «Наблюдения под чинарой» блоги муаллифи Ферузхон Ёқубхўжаев ва журналист Зафарбек Солижонов ҳам бузиб киришга уринишлар бўлганлиги ҳақида гапирди.

Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ушбу вазиятни изоҳлаб, «ОАВ ва блогернинг „овозини ўчиришга“ уриниш билан ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди» дея таъкидлади. «Газета.uz» баёнот матнини эълон қилади.


Куни-кеча кўплаб блогерларимиз ўзларининг Telegram-каналларида уларни аккаунтларини бузишга уриниш бўлганлиги ҳақида ёзишди.Буни ким томонидан ва нима мақсадда қилинганини биз яхши билмаймиз. Лекин, нима бўлганда ҳам, оммавий ахборот воситалари ва блогерларнинг овозини ўчиришга уриниш — бу ҳар доим ҳам яхши натижа бермаган.

Мана масалан, ўтган даврни олайлик. Йиллар давомида матбуот кучли босим остида бўлган. Матбуот кучли цензура остида бўлган ва журналистлар нафақат ўзининг фикрини баён қила олишган, балки улар бир тузукроқ бир муаммони кўтариб ҳам чиқа олишмаган. Оқибатда нима бўлди? Оқибатда фикр хилма ҳиллиги бўлмади. Оқибатда жамият ривожанмади. Оқибатда, умуман, давлат бир қолоқ давлатлар қаторида тураверди ва хеч қандай бир натижага эришмадик. Чунки муаммони кўтариб чиқадиган инструмент ўчиқ эди.

Энди хозир мана, Президентимиз бошчиликларида матбуотга кенг йўл очиб берилди. Матбуотнинг ҳақиқатдан тўртинчи ҳокимият бўлиши учун мақсадлар ва вазифалар белгилаб берилди. Айнан шу жараёнда агар ҳозир матбуотнинг овози ўчирилса, агарда шу жараёнда жуда кучли босим остида қолса, бу блогерлар ва журналистлар унда нима бўлиши мумкин?

Ҳозир мен сизлар билан ўзимнинг таҳлилий фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман. Келинг, энг аввало умуман информацион «поля»ни бир кўриб олсак. Мана бу, тасаввур қилинг, информацион майдон. Бу информацион майдон қирғоғининг бу томонида, мисол учун, чет элдан туриб фаолият юритаётган ОАВ ва блогерлар, журналистлар ёки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва ҳоказо. Бу эса Ўзбекистон ОАВ. Бу ерда телевидение, радио, интернет, ижтимоий тармоқлар ва ҳоказо. Бу ер эса информацион майдон. Бу ердан фуқароларимиз маълумот олиб туришади ва айнан ушбу майдонга бу томон ҳам ва бу томон ҳам ўзининг у ёки бу муаммо, масалалар бўйича маълумотларни ташлаб туришади.

Энди, агарда биз ҳозир Ўзбекистон томонида фаолият юритаётган телевидение журналистлари, радио, интернет, ижтимоий тармоқлар, журналист ва блогерларни қисув остига оладиган бўлсак, уларни бўғадиган бўладиган бўлсак, уларнинг секин-аста фаоллиги пасаяди.

Уларнинг кўпчилиги хусусий, реклама билан боғлиқ ОАВ. Ҳар битта ОАВ, бу блогер бўладими ёки ОАВ бўладими ҳаммаси реклама ҳисобидан кун кўрадиган ташкилотлар ҳисобланади. Уларнинг агар бераётган мақолалари одамларнинг ҳаёти билан боғлиқ бўлмаса, уларнинг мақолалари ёки бераётган материаллари муаммоларни қўтариб чиқмаса, демак уларга бўлган қизиқиш камаяди ва уларга бўлган қизиқиш камайгандан кейин ўз-ўзидан реклама ҳам кам берилади. Ва секин-секин ёмон аҳволга тушиб қолиши мумкин.

Бу ҳам майли, лекин «Ўзбекистон нима ютади бундан?», дейдиган бўлсак, бу информацион майдондаги, бу бизни иммунитетимиз, биз буни йўқотамиз. Ва информацион майдонни бизга дўст бўлмаган давлатларнинг ОАВ бошқара бошлайди. Уларнинг мақсади бизга номаълум. Улар нима қилмоқчи?

Ва халқ, одамлар, ўзимизнинг ОАВдан қизиқарли маълумот оломагандан кейин бу ОАВ га мурожаат қилади. Ва шундай қилиб бир томонлама фикр шакллана бошлайди.

Нима учун ОАВнинг фикрини ўчириш керак ёки булар назоратда бўлиши керак? деган фикр пайдо бўлади. Чунки булар бу ердаги одамлар орасидаги муаммоларни кўтариб чиқади. Бизда кўпроқ қанақа янглиш фикр бўлади? Муаммони ҳал қилишнинг ўрнига, буни овозини ўчиришга ҳаракат қиламиз. Лекин муаммо бор-ку, барибир.

Энди мана, яна битта энг ёмон томони. Хўп муаммо қолди, ОАВнинг овози пасайтирилди. Бу томондан чет элдаги ОАВ нинг овози баландроқ эшитила бошлади. Бу информацион майдон бўлса, бу информацион майдонда ягона овозлар бўлса, баландроқ эшитиладими? Агарда кўп овозлар ва фикрлар хилма-хиллиги бўлса яхшими? Албатта, фикрлар хилма-хиллиги бўлганда қайик чайқалиши ҳам камроқ.

Бу масалани иккинчи томони. Демак ОАВ овози ёпилди муаммо бор. Нима деб уйлайсиз? Журналист ёки блогерлар у ёки бу фаолиятни тўхтатади деб уйласизми? Бу блогер ёки журналист ўзи ким? Бу — ватанпарвар, бу — бефарқ бўлмаган, хеч қандай бемалол ўтиб кетолмайдиган, бу туғма, бунақа шахслар туғилади, бунақа бўлиб яралмайди. Демак, уларнинг ватанпарварлик ҳисси қоладими? Ким кафолат бера олади, бу блогер ёки журналист аноним журналистлик фаолияти йўлга қўймаса? Бошимиздан ўтқаздик-ку кўрдик-ку! 2016 йилда, масалан, кўплаб блогерларимиз ким эканини билмасдик. Telegram бор эди.

Олдинги давр билан ҳозирги даврнинг энг катта фарқи шундаки, ўтган даврда техника бу даражада ривожланган эмас эди. Мана хозир, ижтимои тармоқлар — Facebook, Instagram, Telegram, Twitter ва ҳоказо. Ва улар бизнинг ҳаётимизга шу қадар кириб келганки, унинг қайсидир ресурсни ўчириб қўйиш билан эришиб бўлмайди.

Энг асосий ечим жуда ҳам осон. Яна бир бор таъкидлаймизки, журналистлар билан курашиш керак эмас, муаммолар билан курашиш керак. Муаммо бор экан журналист гапиради, муаммо бўлмаганда журналист гапирмасди. Агар муаммо бўлиб туриб уни гапирмаса, бу муаммо эртага тўпланиб-тўпланиб кучли ижтимоий норозиликларни кучайтириб юбориши мумкин.

Энди мен жуда хам қизик томонига эътиборингизни қаратмоқчи эдим. Агарда бугунги техника асрида демак интернет бор экан, маълумотлар оқимини тўхтатишнинг иложи йуқ. Демак, биз ўзимизнинг матбуот, ўзимизнинг маҳаллий блогеримизнинг ва журналистларнинг овозини ўчирсак, информацион майдонда овозлар сони камаяди ва бу овозни чет эл ташкилотлари, чет давлатдан бизга дўст бўлмаган турли бир ОАВ ўзининг устунлигини кўрсатади. Ва, энг асосийси, жамиятда биз бу ишлар орқали информацион суверенитетимизни йўқотиб қўйиш эҳтимоли жуда ҳам катта.

Лекин шу нарсани жуда ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, бу дегани чет эл ОАВ ёки чет эл ташкилотлари ёмон ташкилотлар дегани эмас. Лекин дўст бор, душман бор.

Уларнинг орасида ғараз мақсадларда, турли сиёсий босим ўтказиш илинжида бўлган, турли сиёсий бир жараёнларни у ёки бу кўринишда кўрсатишга манфаатдор бўлган давлатлар бор. Ва биз ўзимизнинг ОАВ овозини қонун йўли билан, техника йўли билан, ҳар қандай йўл билан (у методларга алоҳида тўхтамайлик) овозини пасайишига уринишимиз — бу иммунитетимизнинг, республикамизнинг иммунитетини пасайтиришга ҳам ўҳшайдиган бир жараён деб ҳисоблайман.

Бу билан нима демоқчиман? Бу билан матбуот эркин бўлиши керак, фикрлар хилма-хил бўлиши керак. Кўпинча айтишадики, муаммони жуда кўп бўрттириб ёзиляпти, яхши маълумотларни бериш жуда ҳам кам. Ха тўғри, лекин битта нарсани инобатга олиш керак: матбуотнинг вазифаси муаммоларни кўтариш, халқ дардини олиб чиқиш, жамоатчилик номидан уни юқорига кўтарган ҳолда ҳал қилишинига эришиш, ундан ташқари ҳукумат ва давлат идораларининг фаолияти юзасидан халқ нозирлари булар. Халқнинг жамоатчилик назоратчилари.

Шундай бўлган экан, ҳар доим ҳам яхши ёки мақтов-мақтов материалларни беролмайди. Энг асосийси, журналист ва блогерларга холислик, энг муҳими, этика деган нарсалар жуда мухим. Бу нарсаларда ҳам камчиликлар бўлиши мумкин, лекин бу билан ишлаган мақулроқ. Уларнинг овозни пасайтиришдан кўра. Чунки уларнинг овози пасайгани билан бирга, муаммолар бор экан, у ёки бу йуллар билан чиқиб келиш бўлаверади. Аноним йўл билан чикиб келади, телеграмда ҳозир мингта ҳар хил каналлар очилган, уларда пайдо бўлади.

Қандайдир информацияни яширишнинг иложи йўқ. Информацияни яширишнинг умуман имконияти йўқ.

Мана масалан, бирор-бир ижтимоий тармоқ муаммога учради. Мана бу — фойдаланувчилар, булар facebook’ка мурожаат қиляпти. Демак, шу мурожаат жараёнида муаммолар пайдо бўляпти. Ва ундан кейин нима буляпти: фойдаланувчилар Facebook’ка умуман кирмаяптими? Йуқ. Уни албатта йўли бор. Йўли — VPN орқали. Демак, Facebook фойдаланувчилари VPN га мурожаат қилади ва у орқали Facebook’ка киришга тўғри келади.

Натижада нима бўляпти? Натижада VPN эгалари Facebook’дан ташқари яна бу ерда минглаб террористик аҳамиятга эга бўлган сайтлар, порнографик сайтлар ёки қурол-яроғ сотадиган сайтлар, экстремистик сайтларнинг ҳаммасига ҳам бемалол кира олишяпти. Ва эртага кибер жиноят учун ҳам бу эртага кенг йўл очиб бериши мумкин бўлган керакмас инструмент ҳисобланади. Facebook’да шундай муаммолар бўлгандан кейин, барибир ҳам одамлар бу Facebook’ка киришни давом этаверади.

Келинг, умумлаштирган ҳолда фикримни айтсам. Блогерлар ва журналистарнинг овози пасайтирилса, демак Ўзбекистонинг иммунитети тушади, фикрлар хилма-хиллиги камаяди, информацион суверенитетимизга бу жуда ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ундан ташқари, улар анонимга ўтиши мумкин. Ундан ташқари, улар бошқа ресурсларда, умуман кўринмаган ҳолда, бу нарсани, фаолиятларини давом эттиришлари мумкин.Ва энг асосийси, унутмаслик керакки, бу блогерлар, журналистлар, барибир, бефарқ инсонлар эмас.Уларга агар турли қонун йўли билан ёки бошқа йўллар билан уларга минг тақиқ қўйинг, лекин, барибир, улар ўзини фаолиятини давом эттираверади.

Иккинчиси, ОАВ ёки ижтимоий тармоқларнинг турли шундай техник носозликларга учраши — бу муаммонинг бошқа томони. Бу ҳавсизлик тизимарини бутунлай бузиб юборувчи VPN орқали Facebook’ларга кириш ёки бошқа ижтимоий тармоқларга кириш мумкин бўлади, лекин зарарларини айтиб ўтдим.

Шу билан бирга Facebook’да хозирги пандемия шароитида, жуда ҳам кўплаб турли шифорокларнинг маслахатлари бор, ёки турли онлайн лойиҳалар бор. Уларнинг ҳаммасига путур етади ва шу билан бирга, бизнес ташкилотлар билан ўзининг ташвиқотларини ўтказиши керак бўлади. Уларга путур етади. Энг асосийси, табиий келиб туриши мумкин бўлган, умуман, фуқароларнинг у ёки бу безовта қилаётган муаммоларнинг келиб чиқиши ёпилади.

Лекин муаммоларнинг келиши ёпилгани билан, у ҳал бўлмаса, барибир, ўзининг акс садосини бериб туради. Шунинг учун ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва блогерлар билан тўғри ишлашни ўрганишимиз керак. Бу энг мухими. Тўғри ишлаш нима дегани?

ОАВ, биринчидан, тўғри, холис бўлиши керак. Қонунларимиз жуда ҳам мукаммал, қонунлар ишлаши керак. Қонунларнинг пухта амалиётда қўлланилишига эришлиши керак ва энг асосийси, очиқлик бўлиб, журналистлар кўтарган муаммоларга зудлик билан чора кўрилса, масала жуда ҳам оддий ҳал бўлади.

ОАВ, блогерлар, журналистлар фаолиятида ҳам камчиликлар етарли. Ҳис-ҳаяжонга берилиш, масалага бир томонлама ёндашиш ёки ёлғон маълумотлар бериш, фейк маълумотлар бериш — бу ҳам энг асосий бошоғриқларидан бири ҳисобланади. Лекин буларнинг ҳаммаси ишласа, ечса бўладиган масалалар.

Нима бўлди шу икки-уч йил жараёнда? Аҳолининг информацион қабул қилиши, информацияга бўлган муносабати бутунлай ўзгарди. Ҳозирги Ўзбекистон фуқаролари бундан 3−4 йил олдинги ишонувчанлик даражаси эмас, уларнинг ўзлари ҳам агарда бирор-бир саёз ёки у ёки бу маълумотларга фикр билдирадиган даражага етди.

Айтмоқчиманки, аҳолининг ўзи ҳам жуда катта фильтр вазифасини бажариб беряпти. Шундай экан, келинг журналист ва блогерларни душман деб билмасдан, улар билан ишлашни йўлга қўяйлик, уларга дўст бўлиб, уларга камчиликлари бўлса, айтайлик.

Лекин бир томони бор — дўстнинг аккаунти ҳеч қачон «взлом» қилинмаслиги керак.