Бош прокуратура Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Андижон вилояти бошқармаси томонидан 239,1 млн сўм миқдоридаги бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланди, дея хабар берди Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га.

Терговдан олдинги текширув натижалари шуни кўрсатдики, вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ишламаётган ходимларга иш ҳақи, асоссиз бонуслар ва нафақалар тўлаб келган. Ушбу бўлимнинг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг «а» банди (жуда кўп миқдордаги маблағларни ўзлаштириш ёки талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ишлари давом этмоқда.

Бундан ташқари, департаментнинг Сариосиё туман бўлими (Сурхондарё вилояти) томонидан туман халқ таълими бўлимининг ҳисобчиси X.K. томонидан 27-сонли мактабнинг собиқ ишчилари М.Қ., Н.Т., О.Э., шунингдек мактабда олдин ишламаган Ш.Қ.нинг номларига банк пластик картасини расмийлаштириб олиб, 2016−2020 йиллар давомида жами 355,3 млн сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Ҳисобчига нисбатан ҳам Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг «а» банди билан жиноий иш қўзғатилди. Ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.