Twitter давлат билан алоқадор ва давлат томонидан бошқариладиган расмий аккаунтларни белгилашни бошлади, дея хабар берди TJournal.

Ушбу махсус белгилар агар давлат оммавий ахборот воситалари ва улар билан боғлиқ шахслар, масалан муҳаррирлар ёки таниқли журналистларнинг аккаунтлари давлат томонидан назорат қилинса, геосиёсат ва дипломатияда фаол иштирок этиш учун фойдаланилса, ушбу аккаунтларга фойдаланувчиларни огоҳлантириш учун қўйилади.

Ҳозирча махсус белгилар фақат бешта давлат — Хитой, Франция, Россия, Буюк Британия ва АҚШ аккаунтларига қўйилмоқда.

Белги олган аккаунтлар орасида TASS, Russia Today, Sputnik, China Xinhua News каби ОАВлар ва Кремль расмий аккаунти, Россия ТИВ ва Дмитрий Медведевнинг шахсий аккаунтлари мавжуд.

Twitter ўз блогида қайд этишича, давлат томонидан молиялаштирилган, аммо таҳририят мустақиллигига эга бўлган медиа-аккаунтлар бундай аккаунтлар қаторига киритилмайди ва улар белгиланмайди. Масалан, Буюк Британиянинг BBC телерадиокорпорацияси бу рўйхатга киритилмаган.

Шунингдек, блогда ёзилишча, янги белгилар барча сиёсий арбобларнинг аккаунтларида пайдо бўлмайди. Махсус белгилар фақат халқаро алоқаларда қатнашадиган шахсларда, масалан ташқи ишлар вазирлари ва элчиларининг аккаунтларига қўйилади. Бундан ташқари, давлат раҳбарларининг ҳам шахсий сахифалари белгиланмайди, чунки бу аккаунтлар кўпчиликка маълум.

Ушбу махсус белгилар аккаунт номига ҳам, улардаги шахсий хабарларга ҳам қўйилади.

2019 йил августида Twitter ўз блогида давлат ОАВларини реклама қилишни тўхтатгани ҳақида хабар берган эди. Ижтимоий тармоқ эндиликда ушбу платформани давлат томонидан бошқариладиган медиаларга тақдим этмаслигини эълон қилди. Компания ушбу чора «соғлом ва очиқ алоқа»ни ҳимоя қилиш учун ишлаб чиқилганлигини маълум қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Facebook ижтимоий тармоғида давлат назоратида бўлган саҳифаларни белгилашни бошлаган эди.