Парламент юқори палатасининг олтинчи ялпи мажлисида Сенат Раиси Танзила Норбаева Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан шакллантирган ва юритаётган «Темир дафтар» тизими айрим ҳудудларда аҳоли норозилигига олиб келаётганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 июль куни «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонни имзолаганди.

Ушбу фармонга мувофиқ, бюджетдан қўшимча 2 трлн сўм ажратилиб, ушбу маблағлар 1 млн 700 минг нафар ёрдамга муҳтож аҳоли, 3 млн 700 минг нафар пенсионер ва 2020 йил якунига қадар 500 минг нафар ижтимоий нафақа олувчиларга йўналтирилиши белгиланган.

Мазкур бир марталик моддий қўллаб-қувватлаш Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мутасадди идоралар томонидан шакллантирилган моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхатларига («темир дафтар») киритилган оилаларга ажратилиши кўзда тутилган.

Мажлисда Сенат Раиси Т.Нарбаева мазкур йўналишда учраётган айрим муаммоларга эътибор қаратди ва «темир дафтар»ни шакллантириш ва юритиш тизимини танқид қилди.

«Амалиётда кўрдикки, ажратилган маблағларни тақсимлаш жараёнида айрим ҳудудларда норозиликлар юзага келди. Одамлар «темир дафтар»га ҳақиқатда камбағал ва кўмакка муҳтож оилалар четда қолиб, етарлича даромадга эга бўлганлар киритилганидан шикоят қилмоқда. Тизимда очиқлик, шаффофлик йўқ», — деди Сенат раиси.

Унинг таъкидлашича, бу борада Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизим фаолиятини танқидий кўриб чиқиши керак. Бунга сабаб одамлар кўпроқ маҳалла тизими вакилларининг нохолислигидан шикоят қилишмоқдалиги билдирилди.

«Президентимиз маҳалла тизими обрўсини кўтариш, халққа янада яқинлаштириш бўйича барча шароит ва имкониятларни яратиб бердилар. Шунга қарамай, айниқса, қуйи бўғинлар эскича иш услубидан воз кеча олмаяпти. Маҳалла идоралари ходимларининг дунёқараши ўзгармаяпти. Уларда аҳоли билан ишлаш, конструктив мулоқот қилиш кўникмалари етишмайди. Бу эса аҳолининг ҳақли эътирозлари кўпайишига олиб келмоқда. Одамларнинг маҳалла идораларига бўлган ишончи ва ҳурматига путур етяпти», — дея таъкидлади Парламент юқори палатасининг раҳбари.

Шу ўринда, маҳалла идоралари вакилларининг малакасини ошириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиши мақсадга мувофиқлиги айтилди. Шунингдек, «Темир дафтар»ни шакллантириш ва юритиш тизими очиқ, шаффоф бўлиши, тизимга замонавий ахборот технологияларини жорий этиш муҳимлиги қайд этилди.

«Айниқса, давлат томонидан муҳтож оилалар учун ажратилган маблағларни тақсимлаш жараёнида инсон омилини максимал даражада кисқартириш бугунгни кун талаби», — дейилади хабарда.