Жума куни Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов ва коронавирус инфекциясидан вафот этган бошқа фуқароларнинг хотирасига бир дақиқалик сукут сақлаш билан бошланди.

Сенат раиси Танзила Нарбаева мажлиснинг расмий қисми олдидан бир дақиқа сукут сақлаганини эълон қилди.

«У кишининг вафоти, айниқса, Сенат учун катта йўқотиш бўлди, — деди парламент юқори палатаси Раиси Т.Нарбаева. — Боиси, Муса Тажетдинович мамлакатимизда икки палатали парламент ташкил этилгандан бери Сенат Раисининг ўринбосари сифатида самарали фаолият юритиб келаётган эди».

Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси, коронавирус ташхиси қўйилган Муса Ерниязов 31 июль куни 72 ёшида вафот этди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси бошлангандан бери 179 киши COVID-19 асоратлари сабабли вафот этган.