Наманган вилояти Учқўрғон туманида боғчани таъмирлаш жараёнида жами 173,2 млн сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилинди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиннов маълум қилди.

Маълумотга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Учқўрғон туман бўлими томон идан ўтказилган терговга қадар текширувда, Наманган вилоят ҳокимлигининг Ягона буюртмачи ИК техник назоратчи Н.М. «Н.Б.» МЧЖ раҳбари М.И. билан ўзаро тил бириктириб, тумандаги 41-сонли мактабгача таълим муассасасида амалга оширилган қурилиш ишлари ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 173,2 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Н.М. ва М.И.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси 3-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.