Сенат олтинчи ялпи мажлисида янги таҳрирдаги «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида» ги қонунни маъқуллади. Бу ҳақда парламент юқори палатаси ахборот хизмати хабар берди.

Мажлис давомида таъкидланганидек, ушбу қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш зарурати бугунги кунда одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам бериш масалаларига доир аниқ қоидаларнинг тартибга солинмагани билан изоҳланади. Шунингдек, вояга етмаганлар савдосига қарши курашишнинг ўзига хос хусусиятлари, шу жумладан, индентификация қилиш, ёрдам бериш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий мақоми белгиламаган.

Янги таҳрирдаги қонунда, жумладан, соҳага оид асосий тушунчалар ва тамойиллар, уни давлат томонидан тартибга солишга оид нормалар, ваколатли давлат органлари, Миллий комиссия, худудий комиссиялар ва Миллий маърузачига оид меъёрлар аниқ белгиланган.

Маълум қилинишича, ҳозирги кунда мамлакатда 9 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатса, уларнинг 100 га яқини одам савдосига қарши курашиш борасида иш олиб бормоқда. Қонунда мазкур йўналишга доир фаолиятни амалга ошираётган давлат органларига кўмаклашувчи ташкилотлар қаторида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам белгиланиб, уларнинг ваколат ва вазифалари аниқ очиб берилмоқда.

Шу билан бирга, амалдаги қонундан фарқли ўлароқ, янги таҳрирдаги қонунда одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослашувини таъминлаш тартиби ва жабрланганлар ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш тартиби ва уларга тақдим этиладиган хавфсизлик чоралари ва бошқа кафолатлар ёритилган.

Бундан ташқари, миллий конунчиликда илгари бўлмаган одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш ва уларни қайта йўналтириш тушунчалари алоҳида бобда белгиланган.

Қонуннинг қабул қилиниши одам савдосидан жабрланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишга хизмат қилиши боис Сенат аъзолари мазкур қонунни маъқуллади. Эндиликда, ушбу қонун президент томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда эълон қилингач расмий кучга эга бўлади.