UzAuto Motors Монополияга қарши курашиш қўмитасининг UzAuto Motors АЖ томонидан «Рақобат тўғрисида"ги қонун талабларига риоя этилиши юзасидан текшируви ҳақидаги депутат Расул Кушербаевнинг ўз Telegram-каналида берган хабарларга изоҳ берди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси 29 июлдаги хабарида қонунбузарлик белгиларини аниқлаганлиги ва тегишли тартибда UzAuto Motors га нисбатан иш қўзғаганлигини эълон қилган эди.

UzAuto Motors аслида текширувларга депутатлик сўровлари туртки бўлмаганлиги ва текширув бир неча ойдан бери олиб борилаётганлигини, фақат 29 июль куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси нархни шакллантириш масаласини чуқурроқ ўрганиш тўғрисида қарор қабул қилган ва шу куни депутатлар гуруҳидан сўров келиб тушган, дея таъкидлайди.

«Афсуски, либерал-демократик партия аъзосининг бу борадаги фикри ўзгача экан — унинг томонидан нафақат популистик фикр-мулоҳазалар, балки Монополияга қарши курашиш қўмитаси тезисларининг очиқ-ойдин бузилган талқини навбатдаги ахборот порцияси ўлароқ 5 августда ўз шахсий Telegram-каналида оммага эълон қилинди», — дейилади UzAuto Motors баёнотида.

АЖ нинг хабар беришича, ҳозирда Монополияга қарши курашиш қўмитаси экспертлари томонидан мартдаги нарх ўзгариши, бутловчи қисмлар нархининг узоқ муддатли прогнозининг аниқлиги масаласи ўрганилмоқда ва депутат келтирган маълумотлар ҳали аниқланмаган, масала ҳали кўриб чиқилмоқда.

«Қўмита мутахассислари, шунингдек, реклама харажатлари ва кредитларга хизмат кўрсатиш сарф-харажатларининг нарх шаклланиши жараёнига киритилишининг асосланганлигини ҳам текширмоқдалар. Бу йўналишда ҳам компания мувофиқлаштирувчи идора билан ҳамкорликда ишламоқда, ўзи ишлаб чиққан ва бир қатор идоралар томонидан тасдиқланган ҳисоб-китоблар тўғрилигини маъқулламоқда. Шубҳасиз, бу борада охирги хулосани монополияга қарши курашиш идораси айтади», — дейилган UzAuto Motors нинг Газета.uz га берган баёнотида.

UzAuto Motors депутатнинг АЖнинг дилерлар билан муносабатлари ҳақида берган маълумотларига ҳам изоҳ бериб ўтди. Бу масала «компания томонидан ўтказилган объектив таҳлил автосалонлар сонининг ҳаддан ортиқлигини, нисбатан кичик ҳудудларда ўта кўп жойлашганлигини ва кўплаб сотув нуқталарининг самарадорлиги пастлиги» билан изоҳланди. Шунингдек, UzAuto Motors компания билан шериклик тармоғига қўшилиш ниятида бўлган янги номзодларга мижозларга хизмат кўрсатиш даражаси ва савдо шартлари юзасидан янги талаблар қўйишини ва бу истеъмолчи учун якуний нархга мутлақо таъсир кўрсатмаслигини таъкидлади.

Баёнотда депутатнинг «текширув „UzAuto Motors“ компаниясининг махсус акциялари орқали автомобилларни муддатли тўлов асосида сотиш фақат компания муассислигидаги Autosanoat Invest МЧЖ орқали амалга оширилганлигини кўрсатган. Бошқа дилерлар бевосита бундай акция ўтказиш ҳуқуқига эга бўлмаган» деган фикри АЖ томонидан инкор этилди.

«UzAuto Motors АЖ Autosanoat Investнинг муассиси эмас ва ҳеч қачон бўлмаган ҳам — бу компания 100% „Ўзавтосаноат“ АЖга тегишли. Бундан ташқари, „UzAuto Motors“ амалда ҳеч қандай акция уюштирмайди — у фақат автомобиллар ишлаб чиқаради, уларни кейин дилерлар ўз автосалонларида сотадилар. Дилерлар эса, ўз навбатида, амалдаги қонунчилик доирасида ва ўз фантазияларидан келиб чиқиб, исталган акцияни ўтказишлари мумкин», — дея таъкидлади UzAuto Motors бунга жавобан. Autosanoat Invest нинг бир қатор ўз акцияларини ўйлаб топгани, ишлаб чиққани ва аслида юзга яқин бошқа дилерлик корхоналарининг ҳар бири ҳам худди шундай ҳуқуққа эга бўлганликлари таъкидланди.

UzAuto Motors баёнотни «кейинги икки йилда компания ўз фаолиятини очиқлик ва истеъмолчи билан ҳурмат асосидаги мулоқот асосида қурмоқда. Агар компания қаердадир ноҳақ бўлса, ўз хатоси устида ишлашга тайёр. Лекин тегишли хулосани биз бунга ваколатли давлат идорасидан олишни кутамиз», — дея хулосалаган.