Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси ижтимоий тармоқларда тарқалган юқори вольтли электрузатиш тармоғи устунига чиқиб олган аёл тасвирланган видеоёзув юзасидан маълумот берди.

Хабар қилинишича, 6 август куни Олмазор туманида хизмат олиб борган профилактика инспекторлари А. Каримов ва З. Жабборбергановлар ҳамда патруль-пост хизмати автоэкипажи ходимлари Кичик халқа йўли кўчасида юқори вольтли электрузатиш тармоғи устунига чиқиб олган аёлни кўриб қолишди. Аёл атрофдагиларга ўзини тепадан ташлаб, ўз жонига қасд қилмоқчилигини айтган.

ИИББ ходимлари шу атрофда бўлган Сергели тумани 8-сон ёнғин-қутқариш қисми мутахассиси сафдор Шерзодбек Нурмуҳамедов билан аёлнинг ёнига чиқиб, уни пастга туширгач, Олмазор тумани ИИО ФМБ 6-сон ИИБга етказишди. Аёлнинг Фарғона вилоятидан 36 ёшли Д.У. экани ҳамда вақтинчалик пойтахтнинг Олмазор туманида яшаб келгани аниқланди. Ҳозирги вақтда психолог аёл билан иш олиб бормоқда.