12−13 август кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми видеоконференция шаклида ўтказилади. Форум ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланади. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати хабар берди.

Форум ташкилотчиси Ўзбекистон ҳукумати ҳисобланиб, анжуманни ўтказиш масъулияти Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази зиммасига юкланган.

Ушбу форум инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилаётган иккинчи халқаро анжумандир. «Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми» деб номланган биринчи халқаро анжуман 2018 йил 22−23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган.

Бу сафар бўлиб ўтадиган Самарқанд Форумининг асосий мақсади — ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга тааллуқли мавжуд халқаро ҳамда минтақавий механизмларни таҳлил қилишдан иборат. Мунозаралар жараёнида ушбу механизмларни такомиллаштириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилади.

Шунингдек БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича бутунжаҳон дастурини амалга оширишда ёшларнинг роли кун тартиби масалаларидан ўрин олган.

Самарқанд Форумида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси лойиҳаси биринчи марта жаҳоннинг етакчи экспертлари муҳокамаси учун тақдим қилинади. Ушбу Конвенция лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ШавкатМирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги таклифига мувофиқ тайёрланган.

Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенция лойиҳаси муҳокама учун форумнинг расмий сайтида жойлаштирилган.

Самарқанд Форумида иштирок этиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Африка Иттифоқи тизимидаги ёшлар тузилмалари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро, минтақавий ва миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари, ёшлар ташкилотлари вакиллари, олимлар ва экспертлар, жами 300 дан ортиқ киши ихтиёр билдирган.

Шунингдек тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти, Ёшлар ишлари бўйича агентлик, ёшлар ташкилотлари вакилларининг фаол иштирок этиши кутилмоқда.