Mash нашри томонидан суратга олинган «Чўлдаги улкан мигрантлар лагери ичида» видео репортаж 5 август куни Youtube га жойлаштирилди.

Видеода Самара вилоятидаги Россия-Қозоғистон чегараси яқинида пайдо бўлган лагерда ўзбекистонлик муҳожирлар — эркаклар, аёллар ва болалар — қўлбола ясалган палаткаларда ўтириб, Қозоғистон орқали поездда кетиш имкониятини кутаётгани суратга олинган.

Видеода ўнлаб одамлар 25 кун давомида ҳеч қандай яшаш шароитисиз очиқ жойда қандай ҳаёт кечираётгани ҳақида ҳикоя қилинади. Маълум қилинишича, ватандошларга яқин атрофдаги Болшечерниговская масжидига қатновчилар овқат ва сув билан ёрдам беришмоқда. Шу билан бирга, баъзи одамлар шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож ва ҳамма уйга боришни кутмоқда экани маълум бўлди.

Mash нашри томонидан тайёрланган репортажда таъкидланишича, автомагистралда пайдо бўлган лагерь ёнида Болшечерниговский тумани маъмурияти томонидан қурилган ва барча шароитга эга лагерь жойлашган. У ерда шифокорлар бор ва улар тиббий ёрдамга муҳтожларга қўлдан келганча ёрдам беришмоқда. Аммо кўплаб муҳожирлар қулайроқ лагерга кўчиб ўтиш истагида эмас, чунки бу уларнинг чегарада қолиб кетиш эҳтимолини ошириши мумкин деб ўйлашади.

Айтилишича, муҳожирлар ўриндиқлар ажратиш ва Ўзбекистонга поезд чипталарини сотишда коррупция ҳолатлари ҳақида маълум қилишмоқда. Ҳар куни лагердагиларнинг рўйхати тузиларди ва шу рўйхат бўйича одамларни уйларига жўнатишлари керак эди. Рўйхатдан ўтганлар автобусларга жойлаштирилиб, Самара темир йўл вокзалига олиб бориларди. Аммо поездга чипта нархидан кўпроқ пул тўлаганларга рухсат берилиб, рўйхатдаги одамларни эса яна лагерга қайтарилиши маълум қилинди.

Видеода гапирганларнинг маълум қилишича, дастлаб чипта нархи 4500 рубль, кейин эса 9500 рублга кўтарилди. Шунингдек, чипталар кўпроқ пул берганга сотилгани билдирилди. Муҳожирлар ким чипта ва ўриндиқлар ажратиши кераклигини билишмайди. Лагерда яшаб келаётган ватандошнинг сўзларига кўра, лагерни тарк этганларни автобусларга жойлаб, уларга рақамлар берилган — автобус рақами ва ўриндиқ рақами, лекин кейин уларни қайтадан лагерга олиб келишган. Рўйхат бўйича кетиши керак бўлганлар ўрнига лагердан келмаган одамлар поездга қўйилмоқда.

Шунингдек, муҳожирларнинг Mash мухбирларига таъкидлашича, лагерга қандайдир блогер ёки журналист келиб, бўш жой ҳақида видео суратга олиб, лагерь энди бўш ва ҳеч ким қолмагани ҳақида айтган.

«Маҳаллий аҳоли уларга келган одамларни, муҳожирларни яхши билишади … Маҳаллий маъмурият қўлидан келганича ёрдам бермоқда», — дейилади видеода.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Самара вилоятининг Болшечернигов туманида тўпланган 1000 га яқин Ўзбекистон фуқаролари ўз ҳисобидан 7 август куни эрталаб улар учун ташкил этилган поездда уйларига қайтишга тайёр эканлиги ҳақида хабар берилганди. Лекин, поезд жўнаб кетиш санаси ва бошқа тартибий тафсилотлар номаълум бўлиб қолмоқда.