Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (ҚХРХЖ) 46,2 млн доллар миқдоридаги узоқ муддатли имтиёзли қарз маблағларини, шунингдек, 800 минг доллар миқдоридаги грант маблағларини ажратади, дея хабар қилди Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

47 млн доллар миқдорида молиялаштириш тўғрисидаги битимни ҚХРХЖ президенти Жильбер Унгбо ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов имзолади. Имзолаш маросими 4 август куни видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтди.

Битим шартларига мувофиқ, ҚХРХЖ 46,2 млн доллар миқдоридаги узоқ муддатли имтиёзли қарз маблағларини, шунингдек, 800 минг доллар миқдоридаги грант маблағларини ажратади. Мазкур маблағлар Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида амалга оширилаётган «Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш» лойиҳасининг 2-чи босқичи доирасида тақдим этилмоқда.

Лойиҳада замонавий иссиқхоналар, интенсив боғлар барпо этиш, экологик тоза ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқаришни механизациялаштириш даражасини ошириш, Фарғона водийси вилоятларида қайта ишлаш қувватлари ва омборхоналар сиғимини кўпайтириш кўзда тутилган, дея аниқлик киритилади хабарда.

Лойиҳа доирасида кўзда тутилган қишлоқ хўжалиги билан шуғулланишнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек, қишлоқ жойларда қўшимча юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратиш натижасида меҳнат унумдорлиги ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ошириш ҳисобига лойиҳа ҳудуднинг 375 мингдан ортиқ аҳолиси даромадларининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.

ҚХРХЖ — БМТнинг ихтисослашган муассасаси бўлиб, унинг асосий вазифаси ривожланаётган мамлакатларда озиқ-овқат ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва аҳолининг овқатланиш ҳолатини яхшилаш мақсадида молиявий ресурсларни жалб қилишдир. 1977 йилдан буён ҚХРХЖ 90 та мамлакатда 350 млн одамга ёрдам бериш бўйича 700 тадан ортиқ дастур ва лойиҳаларни молиялаштириш доирасида 10 млрд доллар миқдорига яқин имтиёзли кредит ва грантлар тақдим этди.

ҚХРХЖнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар портфели умумий қиймати 139,5 млн долларлик 4 та лойиҳадан иборат, улардан Ўзбекистон мева-сабзавот сектори ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган 1 та 28,3 млн долларлик лойиҳа 2019 йилда амалга оширилган, қолган лойиҳалар эса ҳозирги вақтда амалга ошириш босқичида бўлиб, қишлоқ хўжалиги ва сут саноати секторида қўшилган қиймат занжирларини ривожлантиришга қаратилган.