Глобал иқлим исиши кўплаб шаҳарларда ҳароратни пасайтириш ва одамларни ундан ҳимоя қилишнинг янги усулларини топишга зарурат туғдирмоқда, дея ёзади ЮНEП (Бирлашган миллатлар ташкилотининг Атроф-муҳит бўйича дастури).

«Совутишнинг, айниқса, ҳарорат юқори бўлган шаҳарларда муҳим экани кўринмоқда. Бунинг аҳамияти „иссиқлик ороли“ таъсирига тушган шаҳарларда янада кучлидир — бетон ва асфальт қуёш энергиясини ўзига тортиб, уни иссиқлик шаклида қайта чиқаради ва қуёш ботгандан кейин ҳам узоқ вақт сақлаб туради. Шунингдек, двигателлар ва бошқа энергия сарфлайдиган транспорт ускуналари, саноат ва бино ичидаги совутиш чиқиндиларининг исиши шаҳарлардаги ҳароратни кўтаради», — дейилади хабарда.

Шаҳардаги совутиш учун стандарт ечим — кондиционерлар сонининг ўсиши бўлса-да, аммо бу ёндашув, ўз ўрнида, муаммоларга олиб келади, дея таъкидлашади мутахассислар. Жумладан, энергия сарфлайдиган совутиш тизимлари ер ва иқлим исишига ҳисса қўшади. Совутиш мосламаларининг сони бугунги кундаги 3,6 миллиарддан 2050 йилга келиб 9,5 миллиард донага кўпайиши кутилмоқда.

ЮНЕП мутахасисслари шаҳар миқёсидаги чора-тадбирлар иссиқлик оқибатларини сезиларли даражада камайтиришини билдиришди. Одатда, қуёшли ёз кунларида қуёш нурининг 80 фоизини қайтарадиган тоза оқ томлар қуёш нурининг атиги 20 фоизини акс эттирадиган кулранг томларга нисбатан 30 даража совуқроқ бўлади. Халқаро энергия агентлигининг ҳисоб-китобларига кўра, тузилиши яхши ўйланган шаҳарлар иситиш ва совутиш учун ишлатадиган энергиянинг 25 фоизини тежаши мумкин.

«ЮНEП шаҳарсозлик ва лойиҳалаштириш ишларига табиатни қайтариш имкониятларини кўриб чиқади, — дейди ЮНEПнинг шаҳарлар бўйича иш бошқарувчиси Мартина Отто. — Бир-бирига боғланган яшил бўшлиқлар, фасадлар ва томларни кўкаламзорлаштириш ҳамда пассив лойиҳалаштириш орқали шаҳарлар анъанавий қурилишни модернизация қилиши ва ҳароратни пасайтириши мумкин».

Мисол тариқасида ЮНЕП ахборотида Австралиядаги Мельбурн маъмуриятининг қарорини келтирмоқда. Унга кўра, шаҳарда ҳаво сифатини яхшилаш, сояларни яратиш ва механик совутишга бўлган эҳтиёжни камайтириш учун шаҳар ўрмонларини оммавий равишда кенгайтириш режалаштирилмоқда. Миланда эса 2030 йилга келиб шаҳар ҳароратини 2 даражага тушириш учун уч миллион туп кўчат экиш режалаштирилмоқда.