Самарқанд аэропортининг реконструкциясига умумий миқдорда 62 млн доллар ажратилмоқда. Бу ҳақда O’zbekiston 24 телеканали репортажида хабар берилди.

Қайта қуриш ишлари якунланганидан сўнг, аэропорт ўз ўтказиш қобилиятини соатига 600 дан 1200 йўловчига ошириши мумкин. 22 та ҳаво кема учун тўхташ ва учиш-қўниш йўлаги қурилиши ҳам якунланмоқда.

Лойиҳани Туркиянинг Kiklop ва маҳаллий Primetime Group амалга оширишади. Пудратчи вазифасини эса Enter Engineering компанияси бажаради.

«Бугунги кунда корхонада 245 нафар қурувчи барча санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган тарзда ишламоқда. Иш жадвалга мувофиқ ривожланмоқда. Иншоот қуриб битказилганидан сўнг, ушбу халқаро аэропорт йилига 1,4 млн йўловчини қабул қила олади, бу эса минтақада туризмни ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади», ― деди терминал қурилиши директори Баҳром Усмонов.

Қурилиш ишларини тугатиш ва фойдаланишга топшириш 2021 йилгача мўлжалланган.

Самарқанд аэропорти реконструкция ишлари тугагандан сўнг «Очиқ осмон» режими йўлга қўйилади, дейилади хабарда.