Самара вилоятининг Болшечернигов туманида тўпланган 1000 га яқин Ўзбекистон фуқаролари ўз ҳисобидан 7 август куни эрталаб улар учун ташкил этилган поездда уйларига қайтишга тайёр, дея хабар берди РИА Новости Бутунроссия ўзбеклар ва ўзбекистонликлар кенгашининг Самарадаги бўлими раҳбари Диляра Сабированинг хабарига асосланиб.

Унинг хабар беришича, барча фуқаролар ватанга қайтиш ўзларининг ҳисобидан амалга оширилиши тўғрисида огоҳлантирилган. «Чипта нархи 10 минг рублни ташкил қилади. Одамлар қайтиш учун олдиндан пул тўлашга тайёр», — деди агентлик суҳбатдоши. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Болшечернигов туманида вазият тинч ва осойишта.

Поезд ҳақидаги маълумот қисман «Ўзбекистон темир йуллари» компанияси томонидан тасдиқланди. Темир йўл хизмати вакилининг сўзларига кўра, ўзбекистонликлар ҳақиқатдан ҳам Россиядан олиб қайтарилади, аммо сана ва бошқа тафсилотларни кейинроқ эълон қилиш режалаштирилган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Россия-Қозоғистон чегарасида муҳожирлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўртасидаги тўқнашувлар ҳақидаги видеолавҳалар ва маълумотлар пайдо бўлган эди. Telegram-каналда жойланган видеода оломон одамлар қўлларида металл қалқонли камуфляж кийган одамларнинг тўсиғидан ўтишга ҳаракат қилмоқда. Орқа планда «Самара вилояти» ёзуви бор.

Коронавирус сабабли Россия-Қозоғистон чегараси орқали уйга қайтишга умид қилаётган Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари учун палаткали лагер ташкил этилган, у ерда 300 га яқин муҳожир истиқомат қилади, улар барча зарур нарсалар билан таъминланмоқда. Бироқ, 500 га яқин киши Болшечернигов тумани ва Оренбург вилоятининг Первомай тумани чегарасидаги федерал магистраль яқинидаги далада бўлишни афзал кўришди.

Иккинчи ҳудудда фавқулодда ҳолат режими ва карантин жорий этилган, минтақалар чегарасида назорат пункти ташкил этилган. Душанба куни эрталаб муҳожирлар ундан ўтишга уринганлар. Натижада, маълумотларга кўра, тўқнашувни қўзғатган учта шахсга нисбатан маъмурий ишлар қўзғатилган.

Уйга қайтишни истаган Ўзбекистон фуқаролари мунтазам равишда Россия-Қозоғистон чегарасига келиб йиғилишган. Чегара ҳудудларидаги тўпланишлар уч марта — май ўрталарида ва охирида, шунингдек июль ойининг бошларида қайд этилди. Барча ҳолатларда фуқаролар Қозоғистон ҳудуди орқали уйларига қайтишга муваффақ бўлишди. Биринчи ҳолда, автобусларда 1100 киши, иккинчи ҳолатда — 367 киши қайтишган. Учинчи маротаба, июль ойи ўрталарида Россиянинг чегараолди ҳудудларидан Тошкентга учта поездда 2000 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари қайтарилди.