Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Aфсоналар қаерларга етаклайди. Aмир Темур ғорига экспедиция
Навқирон Темур ҳақидаги афсонада айтилишича, у буюк саркарда бўлишидан олдин Қашқадарё вилоятидаги Қалъаи Шерон дарасидаги баланд тоғли ғорда бўлажак жанглар учун ўз қўшинини машқ қилдирарди. Саёҳатчи Шароф Эгамбердиев 600 йилдан сўнг Темур ғорига экспедицияни амалга оширди.
Шароф Эгамбердиев
Саёҳатчи, биология фанлари доктори
Саёҳатчилик фаолияти давомида Шароф Эгамбердиев Эльбрусга кўтарилиб, Эверест таянч лагерида бир неча бор бўлган, Ҳимолай довонларидан ўтган, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудидаги 40 дан ортиқ чўққиларни забт этган ва "Сирли Ўзбекистон" ҳамжамиятини ташкил қилиб, илгари ўрганилмаган кўпгина жойларга йўл очиб берган.

Шароф Эгамбердиев "Газета.uz" учун махсус навбатдаги ҳикоясида давлат арбоби ва саркарда Aмир Темур ғори сифатида танилган Қалъаи Шерон дарасига қилган саёҳатини эслайди.
Табиат ажойиб ҳайкалтарошдир. Табиатнинг буюклигини тасаввуф ва ўтган даврнинг машҳур кишилари билан боғлаш ва бу ҳақида афсоналар яратиш инсонга хос бўлган фазилатлардан.

Қалъаи Шерон дараси бунинг беназир далилидир. Унинг номи шер қалъаси деб таржима қилинади. Бироқ, у шерлар билан бевосита боғлиқ эмас, балки буюк саркарда Aмир Темур ва унинг гўёки даранинг пастки қисмида, ғорда ўрнашган машқлар лагери афсонаси билан боғлиқдир.
Солномаларда тасвирланган жой
Менинг Темур ғори билан биринчи танишувим 2018 йил июль ойида бўлди. Ўша йил ёзда мен Ҳисорнинг ғарбий қисмида Қашқадарё вилоятининг беқиёс жойлари ва тоғли ҳудудлардаги авлиёлар зиёратгоҳларини қидириш учун учта экспедиция ўтказдим.

Экспедицияларнинг бирида биз Бешнав тизмасидан ўтдик. Энг жанубий чўққида нигоҳимиз ҳайбатли тоғ дарасига тушди. У икки томондан 200 метрлик девор билан ўралган ва шу қадар торайиб кетган эдики, кундузги ёруғлик унинг тубига зўрға етар эди.

Бу манзара бизда, турли мамлакатларда ва турли қитъаларда кўплаб бошқа жойларни кўрган тажрибали саёҳатчиларда катта таассурот уйғотди. Тоғ дараси ва ғорни Темур ҳақидаги афсоналар ва ривоятларда абадийлаштирган одамларнинг таассуротлари қанчалик кучли бўлганини тасаввур қилиш қийин.
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Темур ғори ҳақидаги афсоналарнинг кўплаб талқинлари мавжуд, бироқ энг қизиқарли таърифни ёзувчи Евгений Березиков ўзининг "Ўзбекистон афсоналари ва сирлари" китобида келтирган:

"Беш кунлик йўл юргандан сўнг (Амир Темур) Шаҳрисабз атрофида истиқомат қилган ёш йигитлар қўшини билан аллақочон тоғда эди. Бу ерда тоғ тизмаларининг бирида Темур Ҳаққул-полвон кўрсатган ғорни топди. Маскан ажойиб эди. У худди бўлажак жангларга яширин тайёргарлик кўриш учун махсус мўлжаллангандек эди. Тоғлар бутун дунёдан тўсиб қўйган бу жойга яширин довонлар орқали олиб борувчи йўл фақат маҳаллий деҳқонларга маълум эди. Ғорга яқин жойлашган овул эса бу ердан уч кунлик йўл масофасида эди. Кўп километрли тоғ тизмасининг айрилиш йўлида бўлган ғор жуда қулай жойлашган эди. Унинг ўзи кўринмасди, унинг кириш жойидан эса узоқ атрофни кўриш мумкин эди. Ғорнинг ичида катта қўшин осонгина яшириниши мумкин эди. У Темур учун ишончли қалъа ва қулай уйга айланаётганди. Ҳавонинг ҳарорати жуда паст бўлган узоқ масофадаги тош бўшлиқларда зарур озиқ-овқат захираларини сақлаш имкони мавжуд эди".
Сафар бошланди
Тоғ дараси ва Темур ғори ҳақидаги маълумот ўрганилганидан бир ҳафта ўтгач, биз йўлга тушдик. Ғоргача бўлган йўл етарлича узоқ: Шаҳрисабзгача машинада беш ярим соатлик йўл ва яна шунча Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги чанг тоғли йўллардан ўтиш лозим.

Қизил Ғазо довони Темур ғорига юришимизнинг бошланиш нуқтаси бўлди. Биз ясси тоққа етиб борганимизда кун водийни кунботарнинг майин рангларига бўяб якунланаётган эди.
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Худди шу номдаги ясси тоғ 2800 метр баландликда жойлашган бўлиб, ҳажми 4 дан 4,5 км гача. Унинг чегаралари Қалъасой дарёсининг дарасига тушган 200 метр баландликдаги кескин жарликда тугайди. Жарликдан узоқ бўлмаган жойда булоқ оқиб ўтади. Бу ерда қоронғи тушгунга қадар ўз лагеримизни ўрнатишга қарор қилдик. Шу ердан туриб, пастда ястаниб ётган водийнинг жозибадор кўринишини акс эттирган, Қашқадарёнинг энг чиройли чўққиларидан бири Хўжа Ахчабурун (3820 метр) чўққиси манзарасини томоша қилганча, кун алмашишини кузатдик.

Иккинчи куни эрталаб, шошмасдан ўриндан туриб ва нонуштадан сўнг, ниҳоят, ғор билан танишиш учун йўлга чиқдик. Тоғ баландликларига чиқишдан фарқли ўлароқ, ғорни келиб кўриш учун учун эрта тонгдан йўлга чиқиш шарт эмас. Куннинг вақти ва ғор ичидаги ҳароратнинг аҳамияти йўқ – бу ер доим қоронғу ва йил фаслларига қарамай ҳарорат деярли ҳеч қачон ўзгармайди.
Даранинг туби томон
Бир қарашда, дара эгаллаб бўлмайдигандек бўлиб туюлади. Дарё дарасининг вертикал чегаралари билан ҳайбатли кесишмаси чексиз шимол томон чўзилган. Баъзи жойларда баландлик 200 метрдан ошади. Aгар афсоналарга ишонадиган бўлсак, буюк қўмондон дарагача отда тушган.

Уч гуруҳга бўлинган ҳолда, биз даранинг тубига ўтиш йўлини қидира бошладик. Мен шимол томон қараб юрдим ва фақат улкан жарлик устида осилиб турган тоғ токчаларига (қоядаги соябонга ўхшаш ўйилма – таҳр.) ўтиш йўлини топдим. Узоқда пастликда сой кўринарди, сувнинг шовқини менгача эшитилиб турарди. Aммо бу йўл билан пастга тушишнинг ҳеч бир хавфсиз имкони йўқ эди.

Тахминан 40 дақиқа давомида биз тўғри келадиган тушиш йўлини қидирдик. Шунда, рация орқали жамоа аъзоларидан бирининг "Менимча, мен йўлни кўряпман" деган овози эшитилди. . Ҳақиқатдан ҳам! Йўл жануб томондан ўтиб, уни тўсиб турган тош тўсиқ туфайли юқоридан кўринмас эди.
Борщевик ўсимлигидаги моддалар тоғларда мўл бўлган ультрабинафша нурларига сезгирликни кучайтиради. Натижада, қуёш терида иккинчи даражагача бўлган куйишни келтириб чиқаради.
Бу тўсиқни айланиб ўтиб, биз яхшигина топтаб ўтилган йўлга чиқдик. У тик қиялик бўйлаб айланган бўлиб, гоҳ қояларга қисилиб, гоҳ тўқилмалар бўйлаб пастга тушиб, бизни дарё дарасининг тубига олиб келди. Пастда, у Қалъасой каскадини айланиб ўтиб, кескин чап томонга бурилди ва борщевик ўсимлигининг икки метрли бутазорларида йўқолиб қолди.

Ушбу гўзал ўсимликнинг бутазорларини имкон қадар четлаб ўтиш тавсия этилади, аммо бизнинг ҳолатимизда даранинг тубида бундай имконият йўқ эди. Ўсимликнинг сувли пояларига зарар етказмасликка ҳаракат қилиб, максимал эҳтиёткорлик билан биз ўзимизга йўл очдик.

Ўсимликнинг ўзи хавфли эмас, лекин танаси ва барглари шикастланганда у эфир мойларига бой шира ишлаб чиқаради. Уларнинг таркибида бўлган фуранокоумаринлар тоғларда мўл бўлган ультрабинафша нурларига сезувчанликни юқори даражада оширади. Натижада, қуёш терида иккинчи даражагача бўлган куйишни келтириб чиқаради (суюқлик билан тўлдирилган пуфакчалар).
Борщевик ўсимлиги бутазорларини босиб ўтгандан сўнг олдимизда Қалъасой музли оқимини кесиб ўтиш турарди. Июль ойи ўрталарида ҳам бу ернинг суви оёқ-қўлларни титратадиган даражада жуда совуқ бўлади. Тоғларда йил фасллари шаҳарга нисбатан бироз бошқача ҳисобланади.

Тоғ минтақасида баҳор, фаол қор эриши бошланганда, бизнинг календарь йилимизнинг ёз фаслига тўғри келади. Қалъасой айниқса июнь ойида хавфли бўлади. Тор дарага сиқилган сой қақшатқич овоз билан ўз сувларини пастга оқизади ва дарёнинг кечиб ўтишида одамни осонгина ювиб ташлаши мумкин.

Дара туби бўйлаб бутун йўл, ҳар икки томондан вертикал қоя деворлар осмонга чўзилиб, гоҳ кенгайтириб, гоҳ 15 метргача йўлни торайтириб, унинг кенглигини белгилайди. Энг тор жойларда эса ҳатто пешин пайтида ҳам қуёш нурлари унинг охиригача етиб бормайди.
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Темурнинг ерости отхонаси
Газ
Газ – бу форс узунлик ўлчови, тирсакнинг ўлчамига тенг, Эронда уни кўпинча зар, зира ва араш деб ҳам аташади. Кеч ўрта асрларнинг бошларида бир газ 62 см, XVII асрда - 95 см, XIX асрда Басрада 94 см га тенг бўлган. Шунга кўра, залнинг кенглиги 20 дан 28 м гача бўлиши керак.
Даранинг монументал кўринишига маҳлиё бўлиб, сойнинг ўнг қирғоғидаги иккинчи, якуний кечиш жойига етиб бордик. Бу ердан, 700 метрлик масофада қоя деворларнинг бошланиш жойида ғорга кираверишдаги улкан қора туйнуклар кўринади.

Aмир Темур ғорининг асосий кириш жойига яқинлашганда, ҳавонинг кучли тортишиши сезилади. Июлнинг кунида ташқарида ҳаво ҳарорати +25 C° атрофида, ғорда эса +8 C°.

Ғорга яқинлашганда, кўзга ташланадиган илк нарса бу баландлиги тўрт метр, ва кенглиги тахминан беш метрга тенг тошлар ва қумдан қўл билан ростланган девордир. Бу деворда зиналар ажратилган. Дипломат, ҳарбий арбоб ва ёзувчи Мирза Салимбек 1910 йилдаги кундалик ёзувларида бу жойни шундай эслайди:

«Тушлик ва дам олишдан сўнг биз йигирма киши Темур қалъасини кўздан кечириш учун бордик. Биз тахминан юқорига қирқ-эллик қадам ташладик. Биз қалъага у ерда турган катта дарвозаларнинг қолдиқлари орқали кирдик. Юз қадам нарида, пештоқи ёпиқ, отхонага ўхшаш бино бор эди. У бус-бутунлигича тоғнинг ўзида ўйилган эди. Хонанинг ҳажми ўттиз газга тенг эди. Икки томонидан ўйилган тошлардан девор терилган эди. Уларнинг орасида мармардан ясалган устунлар бор эди, баъзилари ҳали ҳам ўз жойларида туришар, қолганлари эса синган ёки ярим синган ҳолда эди. Хонанинг баландлиги шундай эдики, агар чавандоз қўлида қилич кўтарса, у билан шифтга етиб бормасди. Жойни кўздан кечиргач, биз ташқарига чиқдик ва шаҳар дарвозасига ўхшаш катта дарвозага дуч келдик. Aммо эшикларни ҳаракатланишини таъминлаб турган мосламалар жойида йўқ эди ва уларнинг излари деярли сезилмасди».
Aгар 110 йил олдин Мирза Салимбек дарвоза ва қалъа қолдиқларини топган бўлса, ҳозиргача фақат ғорга чиқадиган зинали тош қоялар сақланиб қолган. Деворнинг юқори қисмида иккита ўтиш жойи мавжуд. Aфсоналарга кўра, чап томонда сайсхона – отхона жойлашган. Унга кириш баландлиги тўрт метр ва эни олти метрга яқин бўлган арка кўринишида акс этган. Сайсхона узунлиги 200 метрга яқин бўлган чангли туннель бўлиб, унинг пастки қисми жуда катта тош парчалари билан қопланган. Афтидан, улар қачонлардир деворлардан ёки тош уюмларидан бу ерга тушган. Aгар сайсхонанинг туби тозаланса, ҳақиқатда ўнлаб отлар осонликча сайсхона бўйлаб юришади.
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Синовлар кўприги
Ғорларда бирор бир ёруғлик манбаи йўқ. Қоронғи хонада кўзлар вақт ўтиши билан бу ҳолга кўникади ва нарсаларнинг контурларини ажрата бошлайди. Ғорларда эса бундай бўлмайди, шунинг учун еростига саёҳат қилиш ва қайтиб келиш чироқларга боғлиқ.
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Чироқларни текшириб, уларнинг ишлашига тўлиқ ишонч ҳосил қилгач, биз ғорга кирдик. Ғорнинг киришдан олдинги қисмида чуқурликларда улкан тош бўлаги ётарди. Биз уни ўнг томондан айланиб ўтиб, йўлакка тушдик. У бизни деярли 400 метр ичкаридаги тош массивига олиб кетди.

Ёрқин чироқлар ёрдамида ғор деворлари оқим шакллари билан нақадар гўзал безатилганини кўриш мумкин. Кутилмаганда бизнинг кейинги йўлимизни тепадан, йўлакнинг қоқ марказига тушган монолитик сталактит парчаси тўсди. Бахтимизга бу биздан анча олдин содир бўлган ва бу тўсиқни осонликча четлаб ўтиш мумкин бўлди.

Катта залга яқинлашганимиз сари, ғор янада жонланиб, баъзи жойларда сочилиб ётган ғор марваридларини кўриш мумкин эди (калцит шарлари, карст ғорларидаги оқим тасвирларининг турларидан бири – таҳр).
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Ва ниҳоят, биз катта залдамиз. Кўпчилик ғорга ташриф буюрувчилар учун бу охирги манзил. Ҳамманинг ҳам журъати йўлни яна давом эттиришга етмайди. Ғорнинг энг чеккасида бошқа бир катта залга олиб борувчи жуда тор йўлак бор. Aфсоналарга кўра, у ерда саркарданинг хосхонаси жойлашган эди.

Залнинг бошланиш қисмини суратга олишга қарор қилдим. Бу ердаги ғорнинг пастки қисми силлиқ тошлар билан қопланган. Мен тик қияликни кўрмай, штативни нотўғри жойлаштирдим ва натижада камера пастга учиб кетди. Ғор кириш учун тўланиши лозим бўлган тўловни тўлиғича олди: янги юқори диафрагмали объектив синди, камера корпуси сезиларли деформацияга учради.

Олдинда эса бизни тош туннель кутиб турарди. Иккинчи катта залга кириш учун ҳар бирининг узунлиги тахминан уч метр бўлган учта тор майдондан ўтиш керак. Улар орасида дам олиш мумкин бўлган, катта бўлмаган камералар (иккита туннелни боғловчи ғор ичидаги бўш жой – таҳр.) бор эди.
Ушбу тош туннелнинг ўлчамлари тахминан 50 смга 50 смни ташкил этади. Aгар бирор сабаб билан у ерга тушиб қолсангиз, қайтиб чиқиш имконияти бўлмайди.
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Иккинчи катта залда унинг ўлчамлари дарҳол сезилади. Чироқ нури нақ 20 метргача кўтарилган ғор баландлигига етиб бормайди. Бу тахминан олти қаватли уйга ўхшайди. Залнинг ўлчами 62 метрга 26 метр.

Залда кўл чайқалмоқда. Ғор ичидаги ёриқдан оқиб тушувчи ғор шаршараси уни тўйинтириб туради. Фонарь ёруғлигида чинакам чиройли ва сеҳрли манзара кўз олдимизда гавдаланади. Ғорнинг айнан шу қисми Темурнинг ўзи яшаган жой сифатида асосий ролни эгаллаганлиги бежиз эмас.

«Ғор бўйлаб 500 метрни босиб ўтгандан сўнг, ташриф буюрувчи икки чуқурлик узра кичик тош бирикмасини кўради», – деб ёзади Мирза Салимбек ўз хотираларида. – «Айтишларича, бу "синов кўприги", ундан фақат гуноҳсиз одам ўтиши мумкин. Бу кўприк сизни томдан тушган томчилар билан тўйиниб турган улкан ер ости кўли бўлган, Темурнинг бошқа бир кошонасига олиб боради».
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Билимлар хазиналари
Биз бу қизиқарли ғорнинг кўриш мумкин бўлган барча бурчакларини кўздан кечириб, ташқарига чиқдик. Мутлақ зулмат олами ва оддий дунё ўртасидаги фарқ айниқса сезиларли эди.

Шу билан Темур ғори билан танишувимиз ўз ниҳоясига етди. Биз бу жойни тарк этдик, аммо асрлар давомида яшаб келган афсоналарнинг бир қисмини ўзимиз билан олиб кетдик. Қалъаи Шерон дараси – ўтмиш билан уйғунлашган, афсоналардан яралган, буюк Темурнинг ёшлик давридаги ҳикояларини сақлаган, тоғли Қашқадарёнинг энг гўзал бурчакларидан биридир.

Бу афсонанинг қанчалик ҳақиқат эканлиги муҳим эмас. Ҳар биримиз бу ерни чуқур миннатдорлик ва муҳаббат ҳисси билан тарк этдик.
Матн ва фото муаллифи: Шароф Эгамбердиев
Материалларга бўлган барча ҳуқуқлар
муаллиф ва «Газета.uz» таҳририятига тегишли.
www.gazeta.uz сайтида эълон қилинган «Газета.uz» ва бошқа учинчи томонга тегишли бўлган ҳар қандай фото, график ва бошқа материаллардан ҳар қандай мақсадда фойдаланиш тақиқланади.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Муаллиф: