Сирдарё вилоятида кўп қаватли уйларнинг қурилишида жами миқдорда 2,482 млрд сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиннов маълум қилди.

Унга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Оқолтин туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали ва «S.S.» МЧЖ мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, Оқолтин тумани «Кўркам диёр» массивида 1 та кўп қаватли уй-жойнинг қурилганлиги ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 949 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Шу каби, «Y.N» МЧЖ томонидан массивдаги 1 та кўп қаватли уй-жойнинг қурилганлиги ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 586 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янгиер шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали ва «S.М.» МЧЖ мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, Ховос тумани «Ховос маркази» массивида 1 та кўп қаватли уй-жойнинг қурилганлиги ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 947 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали мансабдор шахслари ва жамият раҳбарларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.