Бухоро аэропорти директори Тоҳир Баҳронов 61 ёшда ҳаётдан кўз юмди, дея хабар қилди Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати. Ҳокимиятдан «Газета.uz»га тасдиқланишича, унга коронавирус ташҳиси қўйилган эди.

Тоҳир Баҳронов 1959 йил 21 апрелда Бухоро шаҳрида таваллуд топган. 1986 йилда Бухоро давлат педагогика институти, 1996 йилда Санкт-Петербург фуқаро авиацияси академиясини сиртдан ўқиб тугатган.

Меҳнат фаолиятини 1976 йилда Бухоро сув хўжалиги бошқармаси киномеханиги ёрдамчиси сифатида бошлаб, Бухоро «ХАТП-11» автокорхонаси ҳайдовчиси (1977−1978), Бухоро авиаотрядининг ташиш бўлими диспетчери (1980−1982), Бухоро шаҳар авиаагентлиги бошлиғи (1982−1985), Бухоро аэропорти йўловчилар ташишни ташкил қилиш хизмати бошлиғи, директор ўринбосари (1985−1997) лавозимларида ишлади.

1997 йилда «Бухоро халқаро аэропорти» ДУК директорлигига тайинланди. Шунингдек, Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати (1999−2004), Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати (2014−2019), Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси (2014−2019) сифатида фаолият кўрсатган.

1 август куни Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқовнинг ўлими тўғрисида хабар қилинганэди. ЎзА маълумотларига кўра, унда ҳам коронавирус аниқланган.

31 июль куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси Хайриддин Шермуҳаммедов ҳам коронавирусдан вафот этди. Унинг раислиги остида Аҳмад Турсунбоев («Аҳмадбой») иши бўйича суд жараёни бўлиб ўтган эди.