3 август куни Испаниянинг собиқ қироли Хуан Карлос I ўз ўғли — амалдаги қирол Филипп VI га расман мамлакатни тарк этиш ниятида эканини маълум қилди, дея хабар берди РБК

«Мен ҳозирда Испаниядан ташқарига чиқиб кетиш тўғрисида чуқур ўйланган қарорим ҳақида хабар бераман», — дейилади собиқ қиролнинг мактубида. Хуан Карлос I ушбу қарорни ўғлининг хотиржам ва масъулиятли бошқарувига ҳисса қўшишни исташи билан изоҳлади.

Кейинчалик El Mundo газетаси собиқ монарх мамлакатни тарк этгани ҳақида хабар тарқатди. 4 август куни Испаниянинг ABC газетаси эса собиқ монарх аллақачон Доминиканадалиги ҳақида хабар берди. Собиқ қирол сафарининг сўнгги манзили ҳозирча номаълум қолмоқда.

Таъкидланишича, Филипп VI отасининг қарорини маъқуллаб, ўз ҳурматини билдирган. Июль ойи охирида Хуан Карлос I нинг шериклари собиқ монарх ўз қароргоҳини — 58 йил давомида яшаб келган «Сарсуэла» саройини тарк этишга тайёрлигини маълум қилишганди. У мамлакатни тарк этиши эҳтимоли ҳам борлигини таъкидлаб ўтишганди.

Хабарга кўра, Хуан Карлос I нинг мамлакатни тарк этиши унинг хорижий ҳисобларининг шубҳали манбаси юзасидан коррупцияга қарши тергов вақтига тўғри келмоқда. 2020 йилнинг баҳорида Швейцария прокуратураси собиқ монарх 65 млн евро миқдоридаги пулни дўсти Коринне Сайн-Витгенштейнга топширгани юзасидан тергов бошлаганди.

Испания прокуратураси Хуан Карлос I Саудия Арабистонида темир йўл қурилиши пайтида ушбу маблағларни ўғирлаган бўлиши мумкин дея гумон қилмоқда. Испания терговчилари Панама жамғармаси номидан очилган Хуан Карлос I нинг Швейцария ҳисоб рақамига 100 млн евролик ўтказмасини текширмоқда.

Коррупцияга боғлиқ ишлар туфайли 2020 йил март ойида қирол Филипп VI отасидан қолиши мумкин бўлган барча меросдан воз кечганди. Шу билан бирга, Қирол девони Филиппнинг Панама жамғармасига алоқадорлигини рад этганди.

Маълумот учун, Бурбон сулоласидан келиб чиқувчи Хуан Карлос I 39 йил давомида Испания қироли сифатида мамлакатда ҳукмронлик қилди. У 1975 йилда испан диктатори Франсиско Франко вафотидан кейин ҳокимиятга келган. 2014 йилда қирол 76 ёшида тахтдан ўғлининг фойдасига воз кечган.