Икки нафар COVID-19 инфекциясига чалинган бемор вафот этди, дея маълум қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Хабарда қайд этилишича, Учтепа туманида яшаган 64 ёшли бемор А.А. (эркак)да «COVID-19» инфекцияси тасдиқлангач, аҳволи оғир бўлганлиги сабабли жорий йил 27 июль куни Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлимига ётқизилган.

«Унга „COVID-19“ инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган», — дейилади хабарда.

Бемор ўткир нафас, юрак қон-томир ва полиорган етишмовчилигидан вафот этгани маълум қилинди.

Шунингдек, Сергели туманида яшаган 30 ёшли бемор Б.А. (эркак)да жорий йил 26 июль куни «COVID-19» инфекцияси аломатлари кучайган ва нафас етишмовчилиги оғирлаша бошлагач, у ҳам Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлимига ётқизилган.

Беморга «COVID-19» инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилиги асоратлар билан кечган. У ўткир нафас, юрак қон-томир ва полиорган етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдромидан вафот этган.

Шу боис, ҳозирги вақтга келиб, COVID-19 асоратларидан вафот этганлар сони 162 нафарга етди.