Тиббий психолог, профессор Абдуллажон Бегматов коронавирусга қарши кураш жараёни бошидан нималарга эътибор қаратиш керак бўлганлиги ҳақида ўз фикрларини билдирди. Унга кўра, ниқобларни тақиш бўйича кўпроқ тушунтириш ишлари олиб борилиши, касаллик тарқалиши жараёнини назорат қилиш, пандемиянинг психологик омилларига эътибор қаратиш керак эди.

Коронавирус пандемияси сайёрамиздаги миллионлаб ва миллиардлаб одамларнинг одатий турмуш тарзини издан чиқариб юборди. Бир-кки ой давомида дунё таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Одамлар аввал мамлакатлар чегарасида, кейинчалик шаҳар ва туманлар ҳудудида, ундан ҳам кейинроқ эса уйлари ва хонадонлари доирасида қамалиб ўтиришга мажбур бўлдилар. Хиёбонларда сайр қилиш, концертлар, театр ва стадионларга, кафе ва ресторанларга бориш оддий ҳодисадан орзуга айланиб қолди. Бундай сайр ва ташрифлар онлайн кўринишга ўтди. Онлайн сайр ва ташрифлар эса табиий сайр ва ташрифларнинг ўрнини қисман босиши мумкин холос. Чунки бундай ташрифлар ўзининг моҳияти ва таъсир кучи билан табиий ташрифларнинг ўрнини тўла боса олмайди.

Сайр ва томошалар ҳам майли, муҳими ўқиш ва ишлаш, дўстлар билан учрашиш, мажлислар, конференция ва даволовчи врачлар билан учрашиш ҳам кўп ҳолларда онлайн кўринишга ўтди. Муайян вақт ўтгандан кейин онлайн учрашувлар оддий турмуш тарзига айланиб қолади. Демак, авваллари одатий ҳисобланган турмуш тарзига қайтиш қийин бўлиши мумкин, одамларнинг аксарияти эса эски турмуш тарзига қайтишни истамай ҳам қолиши мумкин. Боболардан қолган гап бор: девор минганга от ёқмайди. От ёқмаса ҳам майли, девор минган одам от минганнинг устидан кулар экан, унинг лўкиллашини қара, деб.

Пандемия тугагандан кейин янги шароитга қандай мослашиш келажакда ҳал қилинадиган муаммо. Ҳозирги кундаги муаммо эса вужудга келган муаммоли ҳолатдан қандай чиқиш лозимлигини аниқлашда. Чиқиш йўлини топишдан аввал, бу ҳолатнинг вужудга келиш сабабларини аниқлаб олиш лозим.

Оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларга қараганда тиббиёт тизимидаги раҳбарлар коронавирус пандемияси бўйича аҳволнинг мураккаблашуви ва оғирлашувида аҳолини айблашга мойил. Уларнинг фикрига кўра, тиббиёт ходимлари қўлларидан келган барча ишларни қилмоқда, аҳоли эса уларнинг гапига қулоқ солмай, гигиена талабларига риоя қилмадилар, ниқоб тақмадилар, тўйларни ўтказишда ўттиз киши ўрнига 2−3 баравар кўп меҳмон чақириб ўтказдилар. Баъзи тиббиёт ходимларининг гапига қараганда, аҳолимизнинг тиббий маданияти ҳам етарли даражада эмас.

Аҳолининг муайян қисмида тиббий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги сабабларини таҳлил қилиб кўрайлик. Тиббий маданиятини ошириш учун ўз устида ишламаган, тегишли газета ва журналларни, оммабоп тиббий китобларни ўқимаган одамлар бу вазият учун айбдор бўлиши мумкиндир. Лекин айни пайтда аҳолининиг тиббий маданиятини ўстириш, одамлар санитария-гигиена талабларини бажариши учун соғлиқни сақлаш вазирлиги ва умуман, тиббиёт ходимлари ҳам маъсуллигини унутмаслик керак.

Карантин талаблари бироз юмшатилган даврда жамоат транспорт воситаларидан фақат автобусларнинг қатновига рухсат берилди. Бу даврда ҳам аҳолимиз тиббиёт ходимлари тили билан айтганда, янақўйилган талабларни қўпол равишда буза бошлади, автобусга чиққанда ёнма-ён ўриндиқлардан фақат биттасига ўтириш кераклиги, тик турган йўловчиларнинг тирбандлигига йўл қўймаслик каби талабларни бажармай, автобус салонларида консерва банкасига солинган бодрингдай лиқ тўлиб олишди. Талабларнинг бундай бузилиши телевидениедаги видеолавҳаларда роса танқид ҳам қилинди. Биз бундай ҳолат учун ўша йўловчиларимизнинг айбидан кўз юммоқчи эмасмиз. Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Мана шундай вазиятнинг вужудга келиши аҳолимизда тиббий маданиятнинг етишмаслиги туфайлигина юз бердими? Бизнингча, бундай эмас.

Карантин бошланишидан олдинги даврни кўз олдимизга келтирайлик. Шаҳримиз аҳолисига метро, автобуслар, йўналишдаги таксилар, лицензияли ва кўплаб лиценсиясиз хуфя такси ҳайдовчилар хизмат кўрсатар эди. Ўшанда ҳам тирбандлик соатларида автобуслар ва метро вагонларининг лиқ тўлиши кузатилар эди. Энди, карантин талаблари бироз юмшатилгани шароитида жамоат транспортидан фақат автобуслар қатновига рухсат берилиши ўша тирбандлик соатларида консерва банкасидаги бодринглар манзараси вужудга келиши мумкинлигини кутиш мумкин эди. Чунки, энди шаҳримиз аҳолисига метро, автобуслар, йўналишдаги таксилар, лицензияли ва кўплаб лиценсиясиз хуфя такси ҳайдовчилар эмас, фақат миқдори чекланган автобуслар хизмат кўрсатаётган эди. Аҳолимиз ўзининг маданият даражасини тўла намоён қилиши учун тегишли шароит бўлиши керак. Тегишли шароит яратилмас экан, гоҳида аҳолининг «тиббий маданияти етарли эмаслиги»ни кўрсатувчи манзаралар вужудга келиб қолиши ҳам табиий.

Карантин эълон қилинган дастлабки кунлардан бошлаб барча фуқаролар учун кўча-куйда, жамоат жойларида ҳимоя ниқоби тутиш мажбурлиги жорий қилинди. Бу талабни барча ҳам бажаравермади ёки бажарса ҳам нотўғри бажарди. Бунинг сабаби шундаки, карантиннинг дастлабки кунларидан бошлаб аҳоли орасида тушунтириш ишларига эмас, маъмурий усулларга асосий урғу берилди.

Ниқоб тутишнинг мажбурийлиги баъзи ҳолларда ошириб юборилди. Масалан, карантин эълон қилинган дастлабки кунларда телевидение орқали олиб борилган тарғибот ишларида шахс ўзининг шахсий автомобилида ёлғиз кетаётган бўлса ҳам ниқоб тутиши мажбурийлиги, тутмаса жаримага тортилиши қайд этилди. Бундай талаб илмий меъёрларгагина эмас, оддий мантиққа ҳам зид эди. Автомобилда ёлғиз кетаётган одам ниқоб тутмаса, бундан ҳеч кимга зарар келмайди. Буни исботлашнинг ҳам ҳожати йўқ.

Бунинг устига, яқин ва узоқ қўшни мамлакатларда ниқоб тўғрисида турли фикрлар билдирилди ва бу фикрлардан аҳолимиз ОАВ орқали хабардор бўлиб турди. Жумладан, хориждаги таниқли олимлардан бирқанчаси ниқоблар коронавирусга қарши курашда ҳеч қандай фойда бермаслиги тўғрисида кўплаб чиқишлар қилдилар. Ёки бўлмаса, АҚШ Президенти Трампнинг анча вақт ниқоб тақмай юриши ва ниқоб тутишга қарши айтган гапларини эслайлик. ОАВда берилган бу ва бунга ўхшаш чиқишлардан хабардор бўлган бизнинг фуқароларимиз онгида иккиланиш вужудга келди. Тиббиёт ходимларимиз ана шу иккиланишни ҳисобга олмади ва ниқоб тутиш нима учун зарурлигини етарли асослаб бермади. Бунинг оқибатида фуқароларимизнинг каттагина қисми ниқобни номигагина тутди.

Тажриба тариқасида торроқ доирада, эксперт сўровлари усули ёрдамида ўтказган социологик сўровларимиз одамларимизнинг ярмидан ортиқроғи бир мартабалик ниқобни 2−3 соатда эмас, кун давомида ҳам янгиламаслигини кўрсатди. Аҳолининг 20−30 фоизи эса ниқобни ҳафта давомида ҳам янгиламаслиги маълум бўлди. Оиланинг барча аъзолари учун 2−3 ниқоб сотиб олиб ҳафталар давомида ким кўчага чиқса, ўша ниқобдан фойдаланадиган оилалар ҳам сезиларли даражада мавжудлиги аён бўлди. Бундай вазият вужудга келишида тиббиёт ходимларимизнинг аҳоли орасида тиббий тарғибот ишларини етарли даражада ва таъсирчан олиб бормаганларининг роли катта бўлганига алоҳида эътибор қаратмоқчимиз.

Кун давомида янгиланмаган ва ҳафта давомида тутилган ниқобларнинг фойдасидан кўра зарари бир неча баравар ортиқ бўлади. Кун ёки ҳафта давомида алмаштирилмай тутилган ниқоб коронавирус учун тўсиққа эмас, уни кўпайтирувчи инкубаторга айланиб қолади. Бу ҳолат коронавирус тарқалишида портлаш юз бериши мумкинлигига ишора эди.

Биз бу ҳақда юқори идораларга июнь ойининг бошларида ёзма равишда фикр билдириб, аҳвол шундай давом этса, бир ой ўтар-ўтмас, коронавирусга чалинганлар сонининг ўсиши кунига 500−600 ва ундан ҳам ортиқроқ бўлиши мумкинлигини баён қилган эдик. Бизнинг бу кўнгилсиз башоратимиз тўғри чиққанини таассуф билан эътироф этишга тўғри келади. Бу хатимиз Тошкент шаҳар санитария-гигиена бошқармасига юборилган экан. Бу бошқарма бошлиғи биз кўтарган масалаларнинг бирортасига муносабат билдирмаган ҳолда бизга масхараомуз кўринишда жавоб ёзди.

Бизнингча, мамлакатимизда коронавирусга қарши курашда санитария ва эпидемиология бўйича мутахассисларимиз йўл қўяётган камчиликлардан яна бири шундан иборатки, пандемиянинг олдини олиш, профилактика қилиш ва уни енгишда психологик омилларга етарли эътибор берилмаяпти. Бу масалага эътибор қаратаётганимизнинг сабаби шундаки, ҳозирги кунда дунёда коронавирус билан боғлиқ бир эмас, икки пандемия юз бермоқда. Улардан биринчиси ва кенг оммага маълум бўлгани айнан коронавирус пандемияси бўлса, иккинчиси ана шу биринчи пандемия туфайли вужудга келган ваҳималар, миш-мишлар, стресслар, депрессиялар пандемиясидир.

Коронавирус кимга юқса, ўша шахс зарар кўради, азобланади, ҳаётдан кўз юмиши ҳам мумкин. Иккинчи пандемия эса коронавирус юқмаган одамларга ҳам катта зарар келтирмоқда. Одамларнинг дунёқараши, асаб тизими ва одатларига боғлиқ равишда ваҳималар пандемияси коронавирус юқмаган минглаб эмас, миллионлаб одамларнинг соғлигига, кундалик ҳаётига, касбига, турмуш тарзи ва даражасига жиддий зарар етказмоқда.

Лекин шу пайтгача мамлакатимиздаги ОАВларда коронавируснинг психологик оқибатлари тўғрисида бирорта жиддий таҳлилий материал берилмади. Психологлар таклиф этиб ўтказилган кўрсатув ва эшиттиришларда эса соҳага бевосита алоқадор бўлган бирорта ҳам психолог, яъни клиник психолог ёки тиббий психолог қатнашмади. Ҳолбуки, аҳолимизнинг пандемия шароитидаги кайфиятини қўллаб-қувватлаш, кўтариш, одамларимизда пандемияга нисбатан тўғри ва оптимал муносабатни шакллантиришда айнан тиббий психологларнинг фикри ва чиқишлари жиддий ёрдам бериши мумкин эди.

Тўғри, 23 июль куни телевидение орқали эфирга узатилган кўрсатувда тиббиёт фанлари доктори, профессор Қ. Мустафоев коронавирусни даволашда дори-дармонлар 30 фоиз аҳамиятга эга бўлса, психологик омил 60 фоиз кучга эга бўлишини икки бора қайтарди. Лекин бу оддий қайд қилиш эди холос. Биз профессор Қ.Мустафоевни айбламоқчи эмасмиз, чунки у ўз чиқишида психологиянинг ролини таҳлил қилишни мақсад қилиб қўймаган бўлиши мумкин.

Тиббиёт ходимларимиз йўл қўйган хатолардан яна бири, бизнингча, шундан иборат бўлдики, аҳоли орасида вирус қанчалик тарқалганини ўрганишга ўз вақтида ва етарлича эътибор берилмади. Пандемия тарқалган дастлабки кунларда бўлмаса ҳам, дастлабки ҳафталарда бу балонинг аҳоли орасида қанчалик кенг тарқалишини тезкорлик билан ўрганиш зарур эди. Шундай қилинганда коронавирус билан боғлиқ мамлакатимиздаги манзара аниқ ва равшан бўларди. Тиббиёт ходимларимиз эса, фақат касаллик белгиси намоён бўлган беморлар билан шуғулланишди ва уларнигина ҳисобга олишди.

Ҳолбуки, дунё тажрибаси шуни кўрсатдики, коронавирус касаллиги беморларнинг 20−25 фоизида аломатлар билан ўтса, қолган 75−80 фоизида аломатларсиз ўтади. Бу касаллик аҳоли орасида қанчалик тарқалганини ҳам ҳисобга олинганда ҳудудларимизни яшил, сариқ ва қизил турларга бўлиш ҳам воқеликка мосроқ бўлар эди. Ўшанда яшил деб белгилаган ҳудудларимиз қизилга, қизил деб белгилаган ҳудудларимиз эса яшилга айланиб қолиши ҳеч гап эмас эди. Шунда ҳудудлардаги вазиятга берилган баҳолар ҳам ҳақиқий ҳолатга мутаносиброқ бўлар эди.

Тўғри, аҳолини вирусга қарши тестдан ўтказиш жиддий маблағ ва куч талаб қилади. 16 июль куни мамлакатимиздаги таниқли эпидемиологлардан бири профессор Ҳабибулла Оқилов ҳам телевидениедаги чиқишида кунига юртимизда 22−24 минг тест ўтказилаётгани, лекин бу ҳам камлик қилаётганини баён қилди. Мана энди ўзимизнинг маҳаллий ПЗР тестларимиз ишлаб чиқарилади. Энди аҳолини тестдан кенгроқ ўтказиш имкони пайдо бўлди.

Тиббиёт ходимларимизнинг фаолияти пандемияга қарши курашда аниқ беморларни даволашдаги техника ва ёндашувга боғлиқ. Бу курашнинг йирик тактик ва стратегик масалаларини ҳал қилиш эса соғлиқни сақлаш тизимимиз раҳбарларига боғлиқ. Бизнинг таҳлилларимизга кўра, пандемияга қарши курашда йўл қўяётган хатоликларимиз айнан шу йирик тактик ва стратегик масалаларини ҳал қилишга дахлдор.

Жумладан, биз коронавирусни аниқлаш бўйича тадбирларни етарли даражада тезкорлик билан ўтказаяпмиз, дейиш мумкин. Лекин, менинг назаримда, касалликни даволашда тезкорликни етарли даражада намоён қила олмаяпмиз. Масалан, ривожланган мамлакатлар ва Россиядаги етакчи илмий-тиббий марказлар ва муассасаларнинг тажрибаси кўрсатишича, касалликни даволаш уни аниқлаб ташхис қўйилгандан кейин эмас, унга гумон пайдо бўлиши билан бошланганда энг яхши натижаларга эришиш мумкин экан. Бундай ёндашув биз учун ғалати туюлиши мумкин. Лекин бундай «ғалати"лик касалликнинг ноодатий «ғалати» касал экани билан боғлиқ.

Масалан, Новосибирскдаги Наукоградда жойлашган «Вектор» вирусология ва биотехнология бўйича давлат илмий-тиббий маркази тажрибаси кўрсатишича, даволашда энг юқори натижаларга бу касалликка гумон пайдо бўлиши билан бошланганда эришиш мумкин экан. Бу фикрга бизнинг шифокорларимиз, касалликка аниқ ташхис қўймай туриб, уни даволашни бошлаш мумкинми деган савол беришлари табиий. «Вектор» илмий-тиббий маркази тажрибаси ходимларининг тажрибаси кўрсатишича, касалликка гумон пайдо бўлиб, лекин ҳали ташхис қўйилмаган биринчи кундан муолажа бошланса, препаратларнинг кучи 100 фоиз намоён бўлар экан.

Бир суткадан кейин эса уларнинг таъсир кучи 50 фоизга пасаяр, яна бир суткадан кейин яна 30 фоизга пасаяр экан. 4 суткадан кейин эса препаратлар хасталикка деярли таъсир қилмай қўяр экан. Коронавируснинг ҳозирча давоси йўқ, деган фикрларнинг сабабини эҳтимол ман шу ҳолатдан топиш мумкин бўлар. Тан олиб айтиш лозимки, даволашни касалликка гумон пайдо бўлиши билан бошлаш жуда мураккаб. Бунга эришиш учун фақат врачлардан эмас, аҳолидан ҳам юқори тезкорлик талаб қилинади, яъни улар касалликка гумон пайдо бўлиши билан тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишларига, шифокорлар эса аниқ ташхис қўйишни кутмай муолажани бошлашларига тўғри келади.

Шифокорларимиз касалликка аниқ ташхис қўйилмай туриб, даволашни бошласак, унда препаратларнинг ножўя таъсири беморга кўпроқ зарар етказиши мумкинку, дейишлари ҳам табиий. «Вектор»нинг ходимлари ана шундай шароитда даволашни ножўя таъсири энг оз бўлган препаратлар билан бошлаётганларини баён қилишди. Ўшанда касаллик тасдиқланмаган тақдирда ҳам препаратларнинг ножўя таъсири минимал даражада бўлади.

Юқорида тестлар ўзимизда ҳам ишлаб чиқарила бошлангани ва бу касалликка ташхис қўйишда кенг имкониятлар яратишини айтдик. Лекин яхши ўйлаб кўрилса, масаланинг моҳиятига чуқурроқ кириб борилса, касалликни аниқлашнинг камроқ куч ва маблағ талаб қиладиган бошқа усулларини ҳам топиш мумкин эди. Ҳали ҳам ўшандай усулларни топиш ва улардан фойдаланиш мумкин. Бу усуллар қандай усул эканини баён қилсак, у мутахассис бўлмаган одамлар учун тушунарсиз ва қизиқарсиз бўлиши мумкин. Бундан ташқари, бундай баён анча варақ ва вақт ҳам талаб қилади. Мабодо, тегишли раҳбарларда бу усулларга қизиқиш пайдо бўлса, бу усулларни бизнинг шароитимизда қўллаш имкониятларини улар билан биргаликда муҳокама қилишга тайёрмиз.

Муаллифнинг фикри таҳририят фикри билан мос келмаслиги мумкин.

Муаллиф: Абдуллажон Бегматов — Тиббий психолог, президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрлар тайёрлаш институти «Бошқарув психологияси» кафедраси профессори.