Ўзбекистон президентининг қарорига асосан Тошкент давлат аграр университетининг Андижон филиали негизида Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ташкил этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.

Қарорга мувофиқ, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университетининг Андижон филиали негизида Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ҳамда ️Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфига ўтказилган қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежлари негизида олий мактаблар ўрнига агротехнологиялар техникумлари ташкил этилади.

«Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар якка тартибдаги суҳбат асосида кириш имтиҳонларисиз қишлоқ хўжалиги ОТМларининг мос бакалавриат йўналишларида 2-босқичдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, 2020/2021 йил ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университети қошида республика ОТМларининг иқтидорли талабалари таркибидан танлаб олинган ёшлар учун «Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш ва уни рақамли трансформациялаш» лойиҳасини амалга ошириш доирасида махсус факультет ташкил этилади.

Бунда, шунингдек, Тошкент давлат аграр университети ва Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва ахборот-коммуникация технологиялари масалалари ҳамда профессионал таълим муассасалари билан ишлаш бўйича проректор лавозими жорий этилиши белгиланган.

Шу билан бирга, хорижий тилларни яхши ўзлаштирган профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошларига 10 фоиз устама белгиланади (хорижий тиллар бўйича профессор-ўқитувчилар бундан мустасно).

Бундан ташқари, президентнинг қарори билан 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб қуйидагилар жорий этилади:

  • аграр таълимда бакалавриат йўналишларида кредит-модуль тизимига босқичма-босқич ўтилади. Бунда, таълимнинг кредит тизимида ҳафтада 5 кунлик ўқиш ҳамда шанба кунини мустақил ўзлаштириш куни деб белгиланади;
  • хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги қўшма таълим дастурларининг ўқув режалари ва фан дастурларини аграр соҳа ОТМлари томонидан хорижий ҳамкорлар билан келишилган ҳолда мустақил тасдиқланади;
  • қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш соҳаси учун магистратурада ўқиш муддатини 1 йил, илмий ва илмий-педагогик фаолият билан шуғулланувчи иқтидорли талабалар учун 2 йил этиб белгиланади;
  • Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги ОТМларга соҳада 5 йиллик стажга эга бўлган ходимларни тавсиянома асосида ўқишга тавсия этилганда ўқиш муддатини сиртқи таълим шаклида 4 йил этиб белгилаш ҳамда тўлов-контракт миқдорини кундузги таълим йўналишидаги тўлов-контракт (стипендиясиз) миқдорига тенглаштирилади;
  • тажриба-синов тариқасида, Тошкент давлат аграр университетида бакалавриат йўналишларининг сиртқи таълим шакли бўйича масофавий таълим олиш тизимини босқичма-босқич йўлга қўйилади;
  • хорижий фуқаролар учун тўлов-контракт миқдорини, истисно тариқасида, икки баробарга камайтирилади;
  • бакалавриат йўналишида касбий таълим бўйича кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйилади.

Шунингдек, қарор билан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги «Агроинновация» ДУК ва Тошкент давлат аграр университети ҳузуридаги «Ғўза уруғчилиги маркази» негизида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий маркази ташкил этилди. Соҳага янги илмий ва инновацион ютуқларни, рақамли технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими (AKIS) стратегиясини амалга ошириш Миллий марказнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.