30 июнь куни Беларусь президентлигига номзод Светлана Тихановскаянинг Минск шаҳридаги Халқлар дўстлиги боғида бўлиб ўтган митинги бир неча ўн минглаб одамларни жалб қилди, дея хабар берди Tut.by.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг тинч йиғилишларини кузатиш бўйича #ControlBY ҳисоблаш усулига кўра митинг қатнашчилари сони 63 минг кишини ташкил қилди деб баҳоланди. Минск полициясининг маълумотларига кўра, тадбирда атиги 18250 киши иштирок этган. Яъни бу ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг қўлидаги металлдетекторлари орқали ўтган одамларнинг сони. Бир-бирига қарама-қарши маълумотларга қарамай, оммавий ахборот воситалари ушбу воқеани Белоруссия тарихидаги энг оммавий тадбир деб аташди.

Президентликка номзод Светлана Тихановская эри — блоггер Сергей Тихановский ва беларусликлар учун президент бўлмоқчи эканини эълон қилди ва унинг асосий мақсадлари — сиёсий маҳбусларни озод қилиш, янги адолатли сайловлар ўтказиш ва 1994 йилги Конституцияга қайтиш бўйича референдум ўтказишдир.

Эслатиб ўтамиз, Сергей Тихановскийнинг ўзи дастлаб номзод сифатида рўйхатдан ўтишни мақсад қилган, аммо у маъмурий ҳибсда сақлангани ва ҳужжатларга шахсан имзо қўймагани сабабли Марказий сайлов комиссиясида номзодлигини қўйиш бўйича ташаббус гуруҳини рўйхатдан ўтказа олмаган. Натижада ташаббус гуруҳини унинг рафиқаси рўйхатдан ўтказди ва у президентликка номзодга айланди.

Митинг пайтида Светлана Тихановская олдинроқ сайлов пойгасида қатнашиш билан боғлиқ масалада таҳдидларга дуч келгани ва ўз фарзандларини чет элда яширишга мажбур бўлганлигини маълум қилди.

У билан бирга митингда Виктор Бабарико штаби вакили Мария Колесникова ва президентликка собиқ номзод Валерий Цепкалонинг рафиқаси Вероника сўзга чиқишди. Аввал хабар қилинганидек, Беларусь Марказий сайлов комиссияси турли сабабларга кўра Бабарико ва Цепкалони номзод сифатида рўйхатга олишни рад этди. Шундан сўнг Беларусь оппозицияси Марказий сайлов комиссияси президентликка номзод сифатида рўйхатга олган Тихановская атрофида бирлашишга қарор қилди.