Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 июль куни «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонни (ПФ-6038) имзолади.

Ҳужжатда давлат бюджетидан тез тиббий ёрдам бригадалари ходимларига (врач, фельдшер, санитар ва ҳайдовчилар) бир марталик пул мукофоти бериш учун 100 млрд сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган. Молия вазирлиги маълумотларига кўра, тўловлар 26 мингта оилани қамраб олади.

ЎзАнинг хабар беришича, тадбиркор Алишер Усмонов ушбу мақсадларга хайрия ёрдами кўринишида 100 млрд сўмга яқин қўшимча маблағ ажратди.

Худди шу куни имзоланган ҳукумат қарорига кўра, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш учун жалб қилинган тез тиббий ёрдам ходимларига қуйидаги миқдорларда бир марталик моддий рағбатлантириш тўловлари берилади:

  • врач ходимларга — 5 млн сўм;
  • ўрта тиббиёт ходимларига (фельдшер ва санитарлар) — 4 млн сўм;
  • ҳайдовчиларга — 3 млн сўм.

Ушбу тўловлар 1 июнгача ишга қабул қилинган ходимларга нисбатан қўлланилади.

Бундан ташқари, «жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиб келаётган диний соҳада хизмат қилаётган вакилларни моддий рағбатлантириш ҳамда жойларда хайру саховат, мурувват борасида амалга оширилаётган ишларни, жаҳолатга қарши маърифат руҳидаги кенг қамровли тадбирларни янги босқичга кўтариш учун» Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фондига 150 млрд сўм маблағ ажратилади.

Аввалроқ хабар қилганимиздек, президентнинг ушбу фармони билан аъзолари 1,7 млн нафардан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ оилаларга бир марталик моддий ёрдам ажратилади. Бунинг учун 380 млрд сўм йўналтирилади (ҳар бир кишига 220 минг сўмдан).

Бундан ташқари, ҳукумат қарори билан Қурбон ҳайити муносабати билан 150 мингта оилани қўллаб-қувватлашга «Саховат ва кўмак» жамғармасидан 150 млрд сўм (ҳар бир оилага 1 млн сўмдан) йўналтирилади.

1 сентябрдан, шунингдек, пенсия ва нафақалар миқдори оширилади. 14 ёшгача болалари бўлган оилалар учун нафақа ҳамда 2 ёшгача бола парвариши бўйича нафақа олувчилар сони ҳам кўпаяди.