Коронавирусдан даволанаётган Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов (72 ёш) оғир аҳволда, у ЎСВ ускунасига уланган. Бу ҳақда пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда Республика эндокринология маркази директори Анвар Алимов маълум қилди.

«[У] респиратор даволанишда, ўпкаси сунъий вентиляцияда, нафас чиқариш охирида мусбат босим режимида. Унинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда», — деди эндокринология маркази раҳбари.

Анвар Алимов Муса Ерниязов даволаш учун Туркияга олиб кетилгани ҳақидаги хабарларни рад этди. «У Туркияга ёки бошқа жойга олиб кетилгани йўқ. У Қорақалпоғистонда», — дея маълум қилди Алимов.

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Хабибулла Оқилов Муса Ерниязов биринчи кунданоқ В. Воҳидов номидаги Республика жарроҳлик марказининг Нукус филиалида даволанишда эканини қўшимча қилди. У Тошкентдан икки мутахассис ва маҳаллий шифокорлар кузатуви остида даволанмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги июль ўртасида Муса Ерниязовнинг коронавирусга чалинганини тасдиқлаган эди.