Карантин чекловлари натижасида 500 мингга яқин фуқаро хорижда ишлаш учун режалаштирган жойларига кета олмаган. Бу ҳақда чоршанба куни ОАКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Марям Абдукаримова маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, улардан 76 минг фуқаро меҳнат органлари томонидан иш билан таъминланди. Жумладан, 68 минг фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди. Уларнинг иш ҳақи тўлови Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан молиялаштириб берилди.

Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан субсидиялар ажратиш орқали 6,5 минг фуқаро, шундан 4 мингга яқин фуқаро шахсий томорқаларида ва 2,6 минг фуқаро кооперативларга аъзо сифатида бириктирилиб, бандлиги таъминланди.

6 июль куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Темур Маҳмудов ҳам ушбу рақамларга яқин маълумотларни тилга олган эди — пандемия сабабли хорижга ишлашга кета олмаган 76,2 минг фуқаронинг бандлиги таъминланган.

«Ўтган даврда 68,7 минг фуқаро жамоат ишларига жалб этилиб, уларнинг иш ҳақи учун 21,8 миллиард сўм Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан молиялаштириб берилди, — дейди Т.Маҳмудов. — Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан субсидиялар ажратиш орқали 6,5 минг, шундан 3,9 минг фуқаро шахсий томорқаларида ва 2,6 минг фуқаро кооперативларга аъзо сифатида бириктирилиб, бандлиги таъминланди», — дея Меҳнат вазирлиги вакилининг сўзларини келтирган эди ЎзА.

Ўшанда 2020 йилнинг олти ойида 219 минг 657 нафар фуқаро меҳнат миграциясидан қайтиб келгани қайд этилди. Жумладан, 122 минг 805 нафари Россиядан, 63 минг 636 нафари Қозоғистон, 7144 нафар Туркия, 3376 нафар Жанубий Кореядан келди. Ҳозирда хориждан қайтганларнинг 201,4 минг нафари ўрганилди ва уларнинг 100,6 минг нафарининг бандлиги таъминланди.

Маълумотларга кўра қайтган фуқароларнинг 49,6 фоизи чет давлатларда қурилиш йўналишида, 11,4 фоизи саноат корхоналарида, 10,1 фоизи қишлоқ хўжалиги ишларида, 13,1 фоизи савдо, 15,9 фоизи бошқа йўналишларда ишлаган. Россияда оғир вазиятда ва ишсиз қолган меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш учун «birgamiz.com» ва anketa.migration.uz веб сайтлари, CALLмарказ ва телеграмканали жорий этилиб, 20,2 мингдан ортиқ фуқарога ишга жойлаштириш чоралари кўрилди.

Эслатиб ўтамиз, 17 июль ҳолатида Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Жамоат ишлари жамғармасига банд бўлмаган аҳолини вақтинчалик ишларга жалб этиш ишлари учун 200 млрд сўм ажратилган. Бандликка кўмаклашиш жамғармасига эса ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга томорқа участкаларини яхшилаш учун 50 млрд сўм тақдим этилган.