Қорақалпоғистонда ҳайдовчининг маст ҳолатда автотранспорт бошқариб бораётиб, бошқа бир автомашинага бориб урилиши оқибатида профилактика инспектори тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган, дея хабар берди Қорақалпоғистон ИИВ ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, 29 июль куни соат 01:40 лар чамасида Қўнғирот тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси таянч пунктлари профилактика катта инспектори подполковник Ганибаев Мансур Жангабаевич ва олдин профилактика инспектори ёрдамчиси лавозимида хизмат қилган, ҳозирги вақтда жамоатчилик асосида хизмат олиб бораётган фуқаро Танатов Жанибек Асановичнинг бошқарувида бўлган Nexia автомашинасида ўзига бириктирилган маъмурий ҳудудида хизмат олиб бориб, ушбу автомашина билан Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу автомагистралидаги йўлнинг четида турган.

Шу пайт Қонликўл туманида яшовчи фуқаро К. Б. (1988 йилда туғилган) маст ҳолатда ўз бошқарувида бўлган Nexia-3 автомашинаси йўлнинг қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келиб, фуқаро Ж.Танатовнинг Nexia автомашинасига келиб урилиши натижасида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган.

«Мазкур йўл транспорти ҳодисаси натижасида фуқаро Ж.Танатовнинг автомашинасида бўлган Қўнғирот тумани ИИБ ҲПБ ТП профилактика катта инспектори подполковник М.Ганибаев олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган», — дейилади хабарда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Қўнғирот тумани прокуратураси томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.