52-Халқаро кимё олимпиадасида ўзбекистонлик ўқувчилар кумуш ва бронза медаллар қўлга киритди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган 52-Халқаро кимё олимпиадаси коронавирус пандемияси сабабли масофавий тарзда 25 июль куни ташкиллаштирилди. Кимё фанидан энг нуфузли ҳисобланадиган мазкур олимпиадада дунёнинг 60 давлатидан жами 235 нафар иқтидорли ўқувчи иштирок этди.

Олимпиадада Ўзбекистон шарафини 2018−2019 ўқув йилида республика фан олимпиадаси ва қўшимча республика олимпиадаси ғолиблари орасидан саралаб олинган 4 нафар иқтидорли ўқувчи ҳимоя қилиб, қуйидаги натижаларни қайд этди:

  • Мирумид Миракбаров  — Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳузуридаги академик лицей ўқувчиси (кумуш медаль)
  • Дилшодахон Исаева - Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳузуридаги академик лицей (кумуш медаль)
  • Фирдавс Собиров — Бухоро шаҳридаги 35-мактаб ўқувчиси (бронза медаль)
  • Акобир Нарзуллаев — Бухоро вилояти, Жондор туманидаги 49-мактаб ўқувчиси (диплом).


Фото: ХТВ

Таъкидланишича, бу йилги олимпиадада ўқувчилар лаборатория кимёвий тажрибаларисиз, фақат назарий босқични ўтказишди.

«Олимпиада синов жараёнини назоратчилар 4 та вебкамера ёрдамида кузатиб боришди. Масофавий олимпиада Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳузуридаги академик лицейда санитария гигиена ҳамда карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ташкил этилди», — дейилади хабарда.

Ғолибларнинг медаллари ва дипломлари Туркиядаги ташкилий қўмита томонидан почта орқали жўнатилади.