30 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 22872 нафарни ташкил этмоқда, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Унга кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 58 нафари Тошкент шаҳридаги карантин марказидаги фуқаролар (барчаси хориждан келган) орасида, 116 нафари Тошкент вилоятида, 43 нафари Самарқанд вилоятида, 23 нафари Андижон вилоятида, 15 нафари Сурхондарё вилоятида, 11 нафари Навоий вилоятида, яна 11 нафари Наманган вилоятида ҳамда 10 нафар Қашқадарё вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан 9803 киши даволанмоқда. Улардан 215 нафари оғир, 81 нафари ўта оғир аҳволда, дея баҳоланмоқда.

Айни пайтда мамлакатда 12937 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар соғайган.

Бундан ташқари, шу вақтга қадар COVID-19 асоратларидан вафот этган беморлар сони 132 нафарга етди.

Навбатдаги бемор ўлими Бухоро вилояти Бухоро шаҳрида яшаган 68 ёшли М.М. (аёл) бўлиб, у ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этгани маълум қилинади.

Қайд этилишича, беморда 11 июль кунидан тана ҳарорати кўтарилган ва уй шароитида даволанган. 17 июль куни эса оғир аҳволда шифохонага олиб келиниб, реанимация бўлимига ётқизилган.

«Унга „COVID-19“ инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги асорати билан кечган. Шунингдек, бемор қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган», — дейилади хабарда.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.