Ўзбекистонда 234 нафар ҳомиладор аёлда коронавирус аниқланган ва улардан 120 нафари соғайган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқармаси бошлиғи Барно Абдусамадова «Ўзбекистон 24» телеканалига маълум қилди.

«Ҳозирги кунга қадар 2,5 мингдан ортиқ ҳомиладор аёл карантин назоратига олинган бўлса, улардан 234 нафарида коронавирус инфекцияси тасдиқланган. Уларнинг орасидаги 120 нафари тузалиб, уйларига жавоб берилди.️ Минг афсуслар бўлсинки, шулар орасида 2,9% ҳолатда (тахминан 7 нафар — таҳр.) ўлим билан тугаган», — деди Барно Абдусамадова.

Маълумот учун, Соғлиқни сақлаш вазирлиги охирги тўрт кун ичида 5 нафар коронавирус тасдиқланган ҳомиладор аёлнинг вафот этгани ҳақида маълум қилганди.