Коронавирус инфекциясига чалинган сирдарёлик бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Қайд этилишича, Сирдарё вилояти Оқолтин туманида яшаган 70 ёшли М.Т. (эркак)да 15 июль кунидан тана ҳарорати кўтарилиб турган. 27 июль куни ҳолсизлик, бутун танада оғриқ кузатилганлиги сабабли Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган.

«Унга „COVID-19“ инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, бемор қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган», — дейилади хабарда.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этгани маълум қилинди.