Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани «Жаслиқ» посёлкаси ҳудудидан ўтувчи А-380 автомобиль йўлида иккита юк автомашина иштирокидаги йўл транспорт ҳодисаси содир этилиб, унинг натижасида бир нафар киши ЙТҲ жойида вафот этди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 23 июль куни соат 18:05 да ҳайдовчи 26 ёшли Ш. С. ўзининг бошқарувидаги «DAF FT XF 105» русумли юк автомашинада Қўнғирот тумани «Жаслиқ» посёлка фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи А-380 автомобиль йўлининг 1009−1010 километрлари оралиғида ҳаракатланиб кетаётганида, автомашина бошқарувини йўқотиб, ушбу йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб кетиб, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган Украина Республикаси фуқароси 32 ёшли И.С.нинг бошқарувида бўлган «VOLVO» русумли юк автомашинасининг чап ён томонига бориб урилиб, ушбу юк автомашинадан кейин ҳаракатланиб келаётган Украина Республикаси фуқароси 29 ёшли Ю.К.нинг бошқарувида бўлган «VOLVO» русумли юк автомашинасининг олди томонига урилиб йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.

ЙТҲ натижасида, «DAF FT XF 105» русумли юк автомашинаси ҳайдовчиси Ш. С. ҳодиса содир бўлган жойда вафот этгани маълум қилинди.

Шунингдек, «DAF FT XF 105» русумли юк автомашинаси ҳамда Ю.К. бошқарувидаги «VOLVO» русумли юк автомашиналарида ёнғин келиб чиқиб, ҳар иккала юк автомашинаси бутунлай ёниб кетган.


«Мазкур ҳолат юзасидан Қўнғирот тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.