Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази биотехнологлари томонидан COVID-19 касаллигини келтириб чиқарувчи SARS-CoV-2 коронавирусини аниқловчи тест тизими ишлаб чиқилди, дея хабар берди Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳозирги пайтда 100 минг дона тест тизимини ўз ичига олган навбатдаги партия ишлаб чиқарилган.

Улардан 40 минг донаси Жиззах, Андижон ва Тошкент шаҳри санитария-эпидемиологик осойишталик агентлик лабораторияларига ҳамда Республика санитария-эпидемиологик осойишталик агентликларига топширилди. Қолган 60 мингтаси ҳам бошқа вилоятларга чиқарилади.

Ҳозирги кунга келиб республикада кунига 20 000 тест ўтказилишга талаб мавжуд. Илғор технологиялар маркази олимлари томонидан ишлаб чиқилган тест системаси Марказнинг стартапларидан бири сифатида «Biotest- LAB» МЧЖ томонидан оммавий ишлаб чиқаришга қўйилди. Стартап ҳар ҳафта 100 мингтагача, ойига 500 000 та тест-системаси ишлаб чиқариш қувватига эга.