Sulton Tex Group компанияси кластер атрофидаги вазиятга муносабат билдирган Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаевга жавоб қайтарди. Аввалроқ вазир фермерлар манфаати йирик корхоналар манфаати каби муҳим эканини таъкидлаган, шу билан бирга, ишлаб чиқаришнинг кластер шаклида барча иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб берувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳалигача мавжуд эмаслигини тан олган эди. Қуйида Sulton Tex Group жавобини жузъий таҳрир қилган ҳолда эътиборингизга ҳавола этамиз.

Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаевга жавоб

Мана, шу ҳолатнинг бошлангани, Вазирлар Маҳкамаси ва Бош прокуратурага мурожаат қилганимизга 100 кун бўлди. Хайрият, қишлоқ хўжалиги вазири энди биринчилардан бўлиб муносабат билдирибдилар.

ОАВ бизнинг томонимизда туриб ёритаяпти, дейишингиз ноўрин эмасми? Келинг, вазият очиқланиши учун матбуот анжумани ўтказайлик, ўшанда 16 вакилдан иборат ишчи гуруҳ ҳам қатнашса, масаланинг ечилишида шаффофлик бўлармиди?

Фермер хўжаликлари ҳуқуқлари, манфаатларининг бузилиши, деб нимани назарда тутяпсиз? Биз бирор бир фермернинг манфаатини бузганимиз йўқ. Нима иш қилган бўлсак, халқимиз фаровонлиги, иқтисодиётимиз ривожи учун қилдик.

Республикадан инсофли, нейтрал ишчи гуруҳ тузиб беринг, дронлар ёрдамида сувли ерларни таҳлил қилиб кўрайликчи. Қарши туманидаги ерлар тўлиқ инвентаризациядан ўтказилишини сўраймиз. Шунда ерлардан қанчалик самарали фойдаланиётганини яққол тарзда кўриш мумкин. Шунда ер кимларнинг манфаатию чўнтагига хизмат қилаётгани ойдинлашади.

Хўш, нега унда фермерларнинг асосий қисми кластер билан ишлаймиз, деб ўз қўллари билан ёзиб бериб туриб, бугун ҳокимият томонидан андоза қилиб тарқатилган бланкаларга ҳам муҳр босиб бераяпти? Босмай кўрсин, қани қўясизларми? Фермернинг бирор камчилигини топиб, ерингни оламан, деб тазйиқ ўтказилади.

Лекин инсофли, мард фермерлар ҳам муносабат билдирди, кўпчилиги ерини олиб қўйиш билан таҳдид қилиняпти. Рўзғори ўтиб турган фермер учун ерини бериш жон беришдек гап. Фермерларнинг асл фикрини билмоқчи бўлсангиз, ёпиқ овоз бериш йўли билан уни аниқлаб олиш қийин эмас.

Йиллар давомида фермер манфаати бузилмай, бор-йўғи бир йил кластер билан ишлаган фермер манфаати бузилиб қолдими?

Бунча меҳрибончилигингиз таҳсинга сазовор. Президентимиз қишлоқ хўжалигини тубдан ўзгартириб, янги технологияларни жорий қилиш, ишлаб чиқаришни тубдан янгилаш ва етиштирилган ҳосилни тўлиқ қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида кластер тузишни жорий қилдилар. Сиз бунга қаршимисиз? Ёки бирор эътирозингиз борми?

Бизнингча, бу қарорга келишдан олдин таҳлил қилиниб, чуқур ўрганилган. Қўшимча қийматнинг пайдо бўлиши, иш ўринларининг яратилиши, экспорт хажмининг ошиши халқимиз манфаати учун эмасми? Бугунги кун талаби хам шу эмасми? Кластерлар учун ҳуқуқий меъёрий ҳужжат бўлмаса, бизнинг айбимиз нима?

Умумий гап эмас, айнан қайси ҳолатда фермер манфаати бузиляпти? Трактор олиб келиши буюрилди — олиб келдик. Алида фермер пахта етиштириш учун шартнома имзолаган, қани айтингизчи, сиз ўзингизнинг тракторингиз бўла туриб, кўчадан ёллаб ишлатасизми, эскириб қолади тракторим деб? Сиз ундан кўра қишлоқ хўжалиги текникасининг кўпроқ олиб кирилиши борасида бош қотирсангиз яхши бўларди, ишчи органлари тамом бўлган агрегат ўрнига!

Фермерлар ҳақида арзон ишчи кучи, мавжуд ресурс, дебсиз. Нима, биз етиштирилган пахтани текинга ёки арзон баҳода олаяпмизми? Кечирасиз, эндигина фермернинг елкасига шамол тегиб, косаси оқара бошлади. Қўшиб ёзадиган «химия»дан, ёқилғидан уриб қоладиган ФЁТШдан, бажарилмаган агротехник тадбирларни бажарилди, деб ёзиб кўядиган ММТПдан қутилаётганди. Қолаверса, таъминотни вақтида сифатли етказиш ташкил қилиниб, ҳар бир фермер билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилаётганди. Энг асосийси, топширган ҳосил учун пулини вақтида, ҳеч қандай тўсиқларсиз, таъмагирликсиз 31 декабргача қўлига олди.

Сиз пахта саноати каби коррупцион тизимни қумсаяпсизми?

Фермер учун кафолатланган харидор, бозор бўлгани тузукроқ эмасми? Хўп, яхши фермер кредитни ўз ҳисоб рақамига тушириб, эркин тасарруф қилишини илгари сурибсиз. Жуда тўғри фикрингиз. Шунда фермернинг масъулияти ошади, ҳар бир тийинни ўйлаб сарфлайди. Лекин унинг ҳисоб рақамига эгалик қилмасангизлар, худди кластер ҳисоб рақамига, фаолиятига аралашгандек!

Ўзининг моддий-техника базаси бўлган фермернинг юқори ҳосил олиб, фойда кўриши биз учун айни муддао, буни олқишлаймиз. Лекин ҳамма фермерда ҳам бу имкониятлар бор эмас. Қўли калталик қилади, уларнинг бу ҳолатга тушиб қолишига ҳам шу — сиз ишлаб турган тизим айбдор.

Сиз 5−6 та фермерни гапиртириб, тухмат қилувчилар позициясида эмас, ёш, серғайрат, замонавий фикрлайдиган, янгиликка, ривожланишга интиладиган вазир кўзи билан қаранг. Қишлоқ хўжалигида етиштирилган маҳсулотни қайта ишламас эканмиз, бу соҳада ривожланиш бўлмайди. Буни сиз яхши тушунасиз, менимча. Лекин бир марта мард бўлиб халқимиз фаровонлиги учун, қолаверса юртимиз равнақи учун хато қилибмиз, дейиш шунчалик қийинми?

Хатони яшириш учун яна хато устига хато қилиш, мағзава ағдариш яхшимас. Бешкент пахта заводи 5 йил муддатда тўлаб бериш шарти билан сотилдими, шартнома шартлари бузилгани йўқми, вақтида тўловларни амалга ошириб боряпмизми? Нега унда йиғилиш баёнида пахта заводини қайтариш кўрсатиб ўтилган? Биз бу ҳудудда янги завод қурдик, сифат-сертификат лабораториясини барпо этаяпмиз, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш мақсадида кетма-кет лойиҳаларни режалаштириб, барча жараёнларни қамраган кичик шаҳарча қурилаяпти. Замонавий пахта заводи, уруғчилик цехи, ёғ заводи, йигирув, тўқув, тикув ва ҳоказо. Бу бутун бошли ишлаб чиқариш занжирику. Президентимиз занжирни тезроқ уланг, десалар, сизлар узиш билан оворасизлар.

2019 йилда пахта етиштириш учун йўналтирилган кредит маблағлари ҳам ғалла учун кўчиртирилди. Оқибатда йил якунида фермер 7 млрд сўмдан ошиқроқ қарз бўлиб чиқди. Хайриятки ғаллани озиқлантириш ва комбайн таъмирига пул талаб қилинганини тан олибсиз, фермерлар шуни илтимос қилганини ёзибсиз. Аслида фермерлар бизга илтимос қилганди пулни кучириб берманг, беҳуда кетади, деб.

Sulton Tex 7 миллиард сўмдан ортиқ қарздорликка эга, дебсиз, сиз вазирсиз, гапни асослаб гапиринг. Нима учун мағзава ағдараяпсиз? Шуни билингки, фермерларнинг 7 миллиардан ошиқ қарзи бор Sulton Tex Groupдан, қулоқ тескари эшитганга ўхшайди. Ҳар ҳолда зўравонлик билан бизни қарздормиз дейишга мажбур қилмасангиз керак. Яхшимас кўчадаги миш-мишларни асосламай ОАВга тарқатиш, вазир жаноблари.

Фермерлар коорперациясини тузиш тўғрисидаги чўпчагингиз жуда чиройли тўқилган. Нима қиласиз чалғитиб, бир оптималлаштирамиз (мақбуллаштириш), бир кластер, энди кооперация, дейсиз, тутуруқ борми ўзи? Президентимизнинг ПҚ-4633 сонли қарорларида кластер билан қамраб олинмаган ҳудудларда кооперация ташкил қилинсин, дейилган. Шунча йил МТП хизмат кўрсатди, ҳеч кимнинг иши ҳам йўқ эди. Чунки ундан манфаатдорлик бор эди, кластер техникаси арзон ишласа ҳам ёмон отлиққа чиқаряпсизлар. Ҳар бир техника хизматини кўриб чиқса бўладику, ҳужжатлар ёниб кетгани йўқку, фермерларда ҳам бор қизиқсангиз! Қуруқ гап қулоққа ёқмайди, асосланг ҳар бир эътирозингизни.

Аслида сизларга фермер керак эмас, бугун уларни қурол қиляпсизлар холос, ишчи гуруҳ шаффоф баҳолайди, деб яна коррупция авж олади, менимча. Ҳоким хулоса берсин, деб-ку кластер тобе қилиб қўйилди каттаконларга.

Гапирсам кирдикорлар адо бўлмайди, президентимизга ёлғон маълумотнома ҳам киргизасиз, бу ўзи оёғи ердан узилган, ҳеч кимни писанд қилмайди, деб. Аслида сизлар эмасми кластерларни одам ўрнида кўрмай, овозинг чиқса Sulton Tex методини қўллаймиз, деб қўрқитадиган? Ёш болани чоптиргандек бугун Тошкентга кел, эртага Жиззахга, кейин Бухорога… Нима, кластер раҳбарининг бошқа қиладиган иши йўқми?

Sulton Texнинг кластер фаолиятини тўхтатдингиз, энди қурилган пахта заводи, ёғ заводи, биолаборатория, сифат сертификат лабораторияси, қишлоқ хўжалик техника — агрегатлари, омборда турган минерал ўғит, стимулятор, дефолянт захираларининг пулини ким тўлайди?

Мана шу қонунга хилоф ҳаракатлар оқибатида корхона бугунги кунга қадар 10,7 млрд сўм зарар кўрди, 490 та яратилган иш ўринлари бўш қолди.

Ҳаракатларингиз жуда таҳликали, индамаса жиноятчига ҳам чиқариб қўясизлар. Чунки банкдан ҳисоб рақам айланмамиз бизни огоҳлантирмасдан олиб текширилмоқда. Нимага эришишмоқчи? Юртимиздаги ҳозирги пандемия шароитидаги синовли кунларда минга яқин ходимларимизнинг ишлари тўхтаб қолиб, қийналишларини исташаяптими? Минг нафар ходим дегани минг оила, беш минга яқин инсонлар ҳаёти, дегани эмасми? Қанчалик қийин бўлмасин, ишлаб чиқариш ҳажмини, иш ўринларини сақлаб қолган ҳолда ҳали хануз ойига бир миллион доллардан зиёд экспорт қилаяпмиз ва юртимизга валюта олиб кираяпмиз. Беш мингга яқин инсонлар пандемия даврида ҳаёт кечиришлари учун ёрдам қўлини чўзишга ошиқаяпмиз. Гапларимизнинг барчаси асосли, кириб келаётган валюталарни, ташкилий ишларимизни банк ҳам, ҳокимлик ҳам ва бошқа мутассадди ташкилотлар ҳам кўриб туришибди. Ким кўра олмаяпти буларни?