Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми 2020 йилнинг биринчи ярмида 255,2 трлн сўмни ташкил этди, дея маълум қилди Давлат статистика қўмитаси.

Дастлабки ҳисоботга кўра, январь-июнь ойларида ЯИМ ўсиш кўрсаткичи 2019 йилнинг мос давридаги 6,0 фоизга ва 2018 йилнинг мос давридаги 5,9 фоизга нисбатан 0,2% гача секинлашган.

Кузатилаётган даврда ўртача алмашув курси (9790 сўм) бўйича ҳисобланган номинал ЯИМ ҳажми 26 млрд АҚШ долларини ташкил этди (2019 йилнинг январь-июнида — 26,6 млрд АҚШ доллар).

2020 йилнинг январь-июнь ойлари якунига кўра, ЯИМ таркибида товарлар ишлаб чиқаришда 145,4 трлн сўм, хизматлар кўрсатиш соҳасида — 89,7 трлн сўм миқдорида ялпи қўшилган қиймат яратилди, маҳсулотларга соф солиқлар эса 20,1 трлн сўмни ташкил этди.

Аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ 7,4 млн сўмни (ёки $766) ташкил этди ва бу кўрсаткич 2019 йилнинг биринчи ярим йиллиги билан таққослаганда 1,8 фоизга камайган (аҳоли жон бошига ЯИМ ўсиши 2018 ва 2019 йил мос равишда 4,2% ва 4,1% ни ташкил этган). Бунда Ўзбекистон доимий аҳолисининг ўртача сони 2020 йилнинг январь-июнида 34 млн кишини ташкил қилган.

Манба: Давлат статистика қўмитаси

Маълумот учун, Жаҳон банкиининг рўйхатига кўра, дунё бўйлаб аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ (харид қилиш қобилияти бўйича) энг юқори учлик мамлакатлари қаторида Макао ($129,1 минг), Люксембург ($121,2 минг) ва Сингапур ($101,3 минг) кирса, энг паст учликда Бурунди ($782), Марказий Африка Республика ($984) ва Малави ($1013). ЖБ маълумотига кўра, аҳолини харид қилиш қобилияти бўйича Ўзбекистонда бу кўрсаткич ($7288) ва номинал миқдорда ($1724) ташкил қилади.