28 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 21506 нафарни ташкил этмоқда, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Унга кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 125 нафари Тошкент шаҳрида (улардан 72 нафари тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли профилактика мақсадида ҳамда коронавирус билан касалланган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар, 53 нафари эса Қозоғистондан «Ғишткўприк» чегара пости орқали келган ва Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган ҳамда намуна олинган фуқаролар орсида), 68 нафари Тошкент вилоятида, 32 нафари Бухоро вилоятида, 21 нафари Сирдарё вилоятида, 18 нафари Наманган вилоятида, 11 нафари Навоий вилоятида, 10 нафари Фарғона вилоятида, 9 нафари Андижон вилоятида ҳамда 3 нафари Қорақалпоғистонда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан 9710 киши даволанмоқда. Улардан 215 нафари оғир, 81 нафари ўта оғир аҳволда, дея баҳоланмоқда.

Айни пайтда мамлакатда 11674 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар соғайган.

Бундан ташқари, шу вақтга қадар COVID-19 асоратларидан вафот этган беморлар сони 123 нафарга етди.

Навбатдаги бемор ўлими Тошкент шаҳар Учтепа туманида яшаган 34 ёшли Ш. М. (аёл) бўлиб, у ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этгани маълум қилинади.

Қайд этилишича, беморда 16−21 июль кунлари шаҳар 9-сон туғруқ комплексида «27 ҳафталик 6-ҳомиладорлик, 5-туғруқ, икки томонлама пневмония, камқонлик, нафас етишмовчилиги» ташхиси билан даволанган.

«Беморда „COVID-19“ тасдиқлангач, шаҳар 3-сон туғруқ комплексига ўтказилган. Унга „COVID-19“ инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган», — дейилади хабарда.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.